Солиқчилик соҳасида инқилоб: бу амалга ошадими ёки йўқ?
Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига кўра Президент ҳузуридаги лойиҳавий бошқарув миллий агентлиги томонидан тайёрланган Солиқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича концепция режаси эълон қилинди. Ушбу ҳужжатни мустақил иқтисодчи, Center for Economic Development директори Юлий Юсупов gazeta.uz сайтида шарҳлаб берди.
«Агар лойиҳада таклиф қилинган чоралар амалга оширилса, қўрқмасдан айтишим мумкинки, Ўзбекистон солиқ тизими жаҳонда бизнес юритиш учун энг қулайларидан бирига айланади, иқтисодиётимизда эса ҳақиқий инқилоб рўй беради, — деб ёзади Юлий Юсупов. — Инқилобки, мамлакатдаги бизнес-муҳитни тубдан яхшилайдиган инқилоб бўлади. Таклиф қилинаётган ўзгаришларнинг моҳияти нималардан иборат?
1. Солиқ тизимининг тубдан соддалаштирилиши: солиқлар сони, солиқ режимларининг қисқариши, солиқ тўловчиларнинг турли тоифаси учун солиқ тўлаш қоидаларининг ягоналаштирилиши, солиқларни ҳисоблаш усулларининг соддалаштирилиши, индивидуал солиқ имтиёзларидан кескин воз кечиш.
Бу нима учун керак?
Ўзбекистондаги солиқ тизими ишлайдиган қоидалар жуда мураккаб, бир бирига зид ва жаҳон амалиётига тўғри келмайди.
Биринчидан, солиққа тортиш режимлари турли-туман ва жуда кўп: кичик ва йирик бизнес учун, савдо учун, қишлоқ хўжалиги учун, молия муассасалари учун, хусусий тадбиркорлар учун ва ҳ.к.
Иккинчидан, бир хил турдаги солиқларни солиқ тўловчиларнинг турли тоифалари учун ҳисоблаш тартиби турли-туман ва яна кўплаб бошқа солиқлар бор.
Учинчидан, солиққа тортиш базасини аниқлашда жаҳон амалиётидан фарқли жиҳатлар жуда кўп (бизда бошқа мамлакатларда солиққа тортилмайдиган нарсалар ҳам солиққа тортилади), айниқса, фойдадан тўланадиган солиқ ва ҚҚС бўйича.
Тўртинчидан, солиқ тўлашда жуда кўп истиснолар, қўшимча қоидалар бор, жумладан, индивидуал (маълум бир корхоналар) учун. Буларнинг бариси солиқ тизимини эсдан оғар даражада мураккаблаштиради, шаффофлигига путур етказади ва солиқ маъмуриятчилиги харажатларини оширади.
2. Солиқ юкламасини кескин қисқартириш, аввало, меҳнатга нисбатан ва солиққа тортиш умумий режими ўрнатилган корхоналарга юкламаларни камайтириш, кичик ва йирик бизнес солиқ юкламасидаги фарқларни йўққа чиқариш.
Буни нега амалга ошириш керак? Биздаги мавжуд солиқ юкламаси (ЯИМдан 30–35 фоиз) ривожланаётган иқтисодиётлар учун оғирлик қилади. Бундай юкламани фақат бадавлат давлатлар қўллаши мумкин. Юкламани камайтирмасдан туриб, иқтисодий ривожланишнинг мақбул суръатларига эриша олмаймиз.
Юкламанинг қисқартирилиши биринчи навбатда, бандликнинг ўсишини рағбатлантирмаётган ва хуфёна иқтисодиётга сабаб бўлаётган биздаги меҳнатдан олинаётган ўта юқори солиқларга жорий этилиши керак.
Юқори солиқ юкламасанинг бошқа яна бир муҳим манбаси — солиққа тортишнинг умумўрнатилган режимидаги корхоналарга бажариш оғир бўлган солиқ юкининг жорий қилинганидир, бу эса кичик ва йирик бизнес ўртасидаги солиқ юкламасида катта фарқ келтириб чиқаради. Соддалаштирилган умумўрнатилган режимга ўтишда у бир неча баробар ўсиши мумкин. Бу эса миқёслардан иқтисод қилиб устунликлардан фойдаланиш ва бизнеснинг ўсишига эришиш имконияти йўқлиги билдиради. Шунингдек, бу ишлаб чиқарувчиларимизнинг рақобатбардошлилигини ошириш имкониятларини жузъий равишда пасайтириб юборади.
3. Тушумдан (айланма) олинадиган солиқдан воз кечиш ва ҚҚС тўловчилар доирасини кенгайтириш. Халқаро амалиётга терс ўлароқ, бизда тушумдан солиқ олинади. Яъни қўшилган қиймат, фойда, даромад ва ҳоказолар эмас, тушум унинг таркибидаги харажатлар билан бирга солиққа тортилади. Бунга солиққа тортишнинг умумўрнатилган тизимида бюджетдан ташқари жамғармаларга ўтказмалар (2018 йилдан ягона тўловга айлантирилган), кичик корхоналар, шунингдек, савдо ва умумий овқатланиш соҳаси корхоналари учун ягона солиқ тўлови киради.
Биздаги шарт-шароитларда ҳаттоки ҚҚС ҳам (тушумга нисбатан солиқ эмас, ҚЎШИЛГАН ҚИЙМАТга нисбатан солиқ) ўзининг мутлақо зидига — тушум солиғига айланиб қолади. Гап шундаки, ҚҚС тўлови ҳисоблар бўйича қурилган (сиз маҳсулотни сотганингизда, аввало унинг бутун қийматидан ҚҚС тўлайсиз, кейин занжирнинг бошқа қатнашувчилари томонидан амалга оширилган тўловлардан сизга ҚҚС ҳисоблашади). Бизнинг иқтисодиётимизда ҚҚС тўловчилар жуда кам, чунки тадбиркорлар соддалаштирилган режимда ишлашни афзал кўришади, шу сабабли бу занжирда доимо аввал тўланган ҚҚСни ҳисобга олишга монелик қилувчи узилишлар рўй беради. Яъни, пировард натижада қўшилган қийматдан эмас, тушумдан солиқ тўлашга тўғри келади.
Тушумдан солиқлар, шунингдек, ҚҚС тўловлари ўртасидаги узилишлар жамоат меҳнат тақсимотига ва қўшилган қийматни шакллантиришнинг узун занжирини ясашга салбий таъсирини ўтказади. Ахир занжир қанчалик узун бўлса шунчалик кўп солиқ тўлашга тўғри келади: икки марта, уч марта ва ҳ.к. солиққа тортиш юзага келади. Бундай шароитда иқтисодиётимиз жаҳон хўжалигининг абадий хомашё қисмига айланиб қолишга маҳкум эди. Чунки бундай қоидалар билан маҳсулотдан тортиб юқори қўилган қийматли маҳсулотни қамраб олган тўлақонли ишлаб чиқариш циклини яратишнинг амалда иложи йўқ.
4. Солиқ маъмурчилигини тубдан такомиллаштириш. Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш зарурияти, аввало, ҳанузгача солиқлар устидан электрон маъмурчилик юритишнинг ва солиқ назоратини амалга оширишнинг илғор шакллари ва усуллари жорий қилинмагани, назорат фаолиятини амалга оширишда рискларни бошқариш ва самарали таҳлил тизими ишлаб чиқилмагани билан боғлиқ. Бу ҳам ўтказилаётган текширишларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатади ва ҳалол тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига асоссиз аралашишга замин яратади.
Концепция лойиҳаси билан таклиф этилаётган асосий ўзгартиришлар
1. Умумўрнатилган режимдаги корхоналар тушумидан солиқлар — давлат мақсадли жамғармаларига ўтказмаларни бекор қилиш (2018 йилда тушумнинг 3,2 фоизи).
2. Меҳнатга жорий этилган солиқларни битта солиққа бирлаштириш ва меҳнатга солиқ юкламасини камайтириш: умумий солиқ ставкаси меҳнатга ҳақ тўлаш фондидан 25 фоиз бўлиши режалаштирилмоқда. Бу даромад солиғи (максимал ставкаси 22,5 бўлган прогрессив шкала), ягона ижтимоий тўлов (йирик корхоналар учун 25 фоиз, кичик корхоналар учун 15 фоиз) ва пенсия жамғармасига суғурта бадали (8 фоиз) ўрнига жорий этилади.
3. Қўшилган қийматга солиқ миқдорини кескин пасайтириш: 20 фоиздан 12 фоизгача. Ставка миқдорини аниқлашда қўшниларимиз — Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибасидан фойдаланилган.
4. Даромад солиғи тўлаш принципини кескин ўзгартириш (тижорат банклари ва суғурта компанияларидан ташқари). Даромад ва дивиденд солиқлари бирлаштирилади. Фақатгина тақсимланувчи даромад: тадбиркорнинг компания ҳисобидан шахсий истеъмол учун амалга оширилувчи дивидендлари ва харажатлари солиққа тортилади. Яъни корхонадан унинг эгаси оладиган даромадгина солиққа тортилади. Бу ҳолатда солиқ ставкаси даромад солиғи даражасида бўлади — 25 фоиз.
Бу чорадан кўзланган вазифа:
а) бизнеснинг инвестициявий фаоллигини рағбатлантириш (инвестицияга харажатлар солиққа тортишдан халос этилади),
б) солиқ маъмурчилигини бирмунча соддалаштириш (даромад солиғи ҳисоб-китоб учун энг мураккаб ҳисобланади).
Бундан ташқари, солиқ юкламасининг қисқариши ҳам юзага келади: даромад солиғи (14 фоиз) ва дивиденд солиғи (10 фоиз) ўрнига солиққа тортилувчи база жузъий қисқартирилиб, 25 фоиз солиқ тўланади, чунки тақсимланмаган даромаддан солиқ олинмайди.
5. Солиққа тортишнинг соддалаштирилган тартиби йўқ қилинади. Бу ҳолатда қуйидаги айрим алоҳида режимлар сақланиб қолади:
а) ягона ер солиғи тўловчи аграр хўжаликлари учун;
б) тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари учун фиксирланган солиқ тўловчи хусусий тадбиркорлар учун.
6. Энди йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошмайдиган юридик шахслар кичик бизнес субъектлари деб аталади ва ҚҚС ўрнига айланма (тушум)дан 5 фоиз солиқ тўлаш ҳуқуқига эга бўлишади.
7. Йиллик айланмаси 1 миллиард сўмдан ошувчи хусусий тадбиркорлар ташкилий-ҳуқуқий шакли ўзгартирилмасдан умумўрнатилган солиққа тортиш тизимига ўтказилади.
8. Юридик шахсларнинг мол-мулкига солиқ юкламасини камайтириш, уни ер солиғи ва кўчмас мулк солиғи билан бирлаштириш кўзда тутилмоқда.
9. Солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чоралари асосан солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро боғлиқлигини йўлга қўювчи замонавий технологияларни жорий этиш билан боғлиқ, у кўрсатилаётган хизматлар сифатини кўтариш, солиқ органларининг назорат функциялари самарадорлигини юксалтириш, шунингдек, солиқ тўловчиларнинг масъулиятини оширишни назарда тутган.
Концепция устида ҳали яна ишлаш керак. Бунинг учун муҳокамалар бўлиб ўтиши режалаштирилган. Умуман олганда, менинг назаримда, концепция жуда ажойиб. Уни амалга ошириш маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлилигини ошириш, иқтисодий ўсишни тезлаштириш, хуфёна иқтисодиётни легаллаштириш учун шарт-шароитларини жиддий равишда яхшилайди.
Ҳурматли солиқ тўловчилар, Ўзбекистон солиқ тизимини ислоҳ қилиш Концепциясини қўллаб-қувватланг! Мамлакат келажагига ўз ҳиссангизни қўшинг.
Концепция лойиҳаси муҳокамасида мана бу ерда иштирок этиш мумкин
Лойиҳавий бошқарув миллий агентлиги Концепция лойиҳасини жамоатчилик билан муҳокамасини бугун Ўзэкспомарказда ўтказган.
Мавзуга оид

21:19 / 07.07.2021
Жисмоний шахслар ЯТТ сифатида таксичилик қилганда қанча солиқ тўлайди?

10:06 / 02.07.2021
130та давлат халқаро солиқ тизими киритилишини маъқуллади

11:27 / 27.06.2021
Соядаги иқтисодиёт: Одамлар нега солиқдан қочиш ва яширин даромад олишга интилишади?

15:37 / 18.06.2021