Ўзбекистон | 15:17 / 31.03.2018
11715
4 дақиқада ўқилади

Француз туроператорлари делегацияси Париждан тўғридан-тўғри Самарқандга учиб келди

Фото: KUN.UZ

31 март куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпаниясининг Париж – Самарқанд рейси билан мамлакатимизга Франциянинг "Иль-де-Франс" (EDV) ҳудуди туристик агентликлари иттифоқи вакилларидан иборат делегация туризмга бағишланган конференцияда иштирок этиш учун етиб келди, деб хабар беради Kun.uz мухбири Самарқанддан.

Туристик конференция 31 мартдан 3 апрелгача Самарқанд ва Бухорода бўлиб ўтади.

Француз туроператорларини Самарқанд халқаро аэропортида карнай-сурнай садолари остида, нон ва ширинликлар билан шаҳар маъмурияти, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қарши олишди.

Мамлакатимизда ҳар йиллик EDV туристик форуми ва инфо-тур ўтказилиши борасида келишувга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Иль-де-Фрнас" ҳудуди турагентлари иттифоқи президентининг ўтган йилнинг сентябрь ойида Парижда ўтказилган учрашувида эришилган эди. 2017 йилнинг октябрида EDV раҳбарияти «Ўзбекистон ҳаво йўллари» томонидан уюштирилган инфо-тур билан Ўзбекистонда меҳмон бўлиб кетишган эди.

Леонел Робье, Ассоциация президенти:

— Бир неча ой бурун Ўзбекистонга келиб кетгандик. Ассоциация раҳбари сифатида Ўзбекистоннинг туризм бўйича йўналиши бизнинг ташкилотнинг ривожланишига янги туртки бўлди. Биз францияликларнинг Ўзбекистонга келишимиз катта орзу эди. Чунки бу ерда Самарқанд ва Бухоро сингари афсонавий шаҳарлари бор. Биз Самарқандни Буюк Ипак йўлининг юраги деб тан олганмиз. Самарқандда юздан ортиқ тур фирмалар бор. Улар билан ҳамкорликда ишлаш ва уни кенгайтириш имкониятлари бор. Бу каби ташкил этилган тадбир учун Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, «Ўзбекистон ҳаво йўллари»га миннатдорчилик билдирамиз. Бизни очиқ кўнгил, чин дилдан кутиб олишди.

EDV’нинг навбатдаги конференциясида Франциянинг туризм соҳасида ишлаётган 100 дан ортиқ мутахассис — "Иль-де-Франс" ҳудуди турагентлари вакиллари (Kuoni, Salaun, Club Med, Verdie Voyages), ҳамкорлик компаниялар (Amadeus, Hertz, Avis, и т.д.), Франциянинг оммабоп ОАВлари журналистлари (Le Figaro, Tourism TV, Echo Touristique, Le Quotidien du Tourisme), шунингдек, Ўзбекистоннинг етакчи туристик компаниялари ва агентликлари иштирок этади.

Бу туристик форум унинг доирасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига уюштирилаётган инфо-тур республикамизнинг туристик салоҳияти ва миллий авиаташувчининг Франция туристик хизматлари бозорида илгари суриш борасида ташланган яна бир қадам бўлади.

Қайд этиш керакки, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Ўзбекистон ва Франция пойтахтлари ўртасида мунтазам йўловчи рейсларини, шунингдек, Париждан тарихий Самарқанд ва Урганч шаҳарларига қатновлар амалга оширмоқда. 

"Иль-де-Франс" — Франциянинг гуллаб-яшнаётган иқтисодиёти, маданияти ва кучли туристик салоҳиятига эга энг фаровон ҳудудидир. Унинг ҳудудида 900дан зиёд туристик агентлик фаолият кўрсатади.

Ўз мухбиримиз.

Фотоларни Бахтиёр Мустанов суратга олган.

Мавзуга оид