Жамият | 01:41 / 31.03.2018
32026
4 дақиқада ўқилади

Маҳаллангиз тарихини биласизми?

Фото: Advantour

Ўзини ва тарихини билмаган одам манқурт дейилади. Манқурт бўлмаган одам эса ҳеч бўлмаганда етти пуштини ва яшаб турган жойининг тарихи-ю бугунини яхши билади. Жумладан, маҳалласи тарихини ҳам. Юртимизда минглаб маҳаллалар мавжуд. Уларнинг ўзига хос номлари борки, бири биридан қизиқ, бири биридан ажабтовур. Қизиқлиги шундаки, айрим маҳалла номлари ҳозирги адабий тилимизда мавжуд бўлмаган сўзлардан иборат бўлиб, бир қарашда тушуниш қийин. Ажабтовурлиги шундаки, айрим тарихий номлар асрлар ўтгани сари асл кўринишини йўқотиб, бошқача талаффуз касб этган. Мисол учун, Пойтахтимизнинг Олмазор туманида “Ҳофиз Кўйки” номли маҳалла бор. Хўш, ҳофиз сўзи тушунарли, “Кўйки” нима дегани? Бу сўз аслида қандай бўлгану, қандай талаффуз қилинган? Кичик илмий тадқиқотимиз давомида шу сўз маъносини излаймиз.

            Ушбу маҳалла номининг тарихий илдизларига мурожаат этарканмиз, бугун шу маҳаллада яшовчилар ҳар қанча фахрланишса арзийдиган бир тарихий маълумотга дуч келамиз. Тошкент тарихига оид қимматли манбалардан бири бўлмиш Муҳаммад Солиҳ Қорахўжа ўғлининг “Тарихи жадидаи Тошканд” номли асарида шундай маълумот бор: “Тошкент диёрида яшаб ўтган Мавлоно Кўҳакий ақлий ва нақлий илмларда зўр олим бўлган. Ҳофиз Кўҳакий Тошкент аҳолиси ва олимларининг ифтихори бўлиб, Дашти Қипчоқ, Фарғона, Мовароуннаҳр, Бухоро, Эрон ва Хуросонда кенг шуҳрат қозонган олимдир”.

            16 асрда яшаб ижод этган бу улуғ аллома ўз замонасининг илмли кишиларидан бўлиб, тарих, араб тили ва граматикаси, мантиқ, ҳуқуқшунослик ва диний илмлар билан шуғулланган. Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳи мулла” номи билан машҳур асарида шарҳ ёзган. У “Тарихи Тошканд”, “Тарихи оли Чингиз”(Чингиз авлоди тарихи) каби кўплаб асарлар муаллифидир.

            Ҳофиз Кўҳакий ўз замонасининг обрўли кишиларидан бўлгани учунми, 1528 йили Тошкентдан тўй муносабати билан Ҳиндистонга Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳузурига юборилган эди. Бу тўй тасвирлари “Бобурнома”да бор:”Улуғ ош тортилғонидин кейин... Хожа Мир султонға ва ўғлонлариға ва Ҳофиз Тошкандий ва мулло Фарруҳ бошлиқ Хожанинг мулозимлариға ва ўзга элчиларга ҳам олтундин, кумушдин таркаш била инъомлар бўлди”.

            Шуниси муҳимки, Ҳофиз Кўҳакийда мол-дунёга ҳавасдан кўра, ватанпарварлик руҳи юқори бўлган. Сабаби у Мирзо Бобур ҳузурида ниҳоятда илтифот кўрса ҳам, кейинчалик Туркия султони унга вазирликни таклиф қилса ҳам у нозиктаблик билан рад этиб, юртига, Тошкентга қайтган ва умрининг охиригача шу шаҳарда истиқомат қилган. Мадрасада дарс бериб, шогирдлар улғайтирган, беназир асарлар яратган. 

Тарих фанлари номзоди, доцент Неъматулло Муҳамедовнинг маълумотига кўра, Ҳофиз Кўҳакий халқ орасида Ҳофиз Кўйкий номи билан машҳур бўлган. Шунинг учун ҳам бугунги Олмазор туманидаги аллома яшаб ўтган маҳалла номи “Ҳофиз Кўйки” дея сақланиб қолган. Демак, англашиладики, “Ҳофиз Кўйки” маҳалласи ниҳоятда улуғ тарихга эга бўлган маҳаллаларимиздан экан.