Кемерово губернатори истеъфога чиқди
Россиянинг Кемерово вилояти губернатори Аман Тулеев ўз хоҳишига кўра муддатдан аввал лавозимини тарк этишга қарор қилди.
“Кемерово вилояти губернатори Аман Тулеев Россия президенти Владимир Путинга ўз хоҳишига кўра истеъфога кетиш аризаси билан мурожаат қилди”, деб маълум қилган вилоят маъмурияти матбуот хизмати.
Шу муносабат билан Тулеев видеомурожаат билан чиқди. У видеомурожаатида қўлидан келган ишни қилганини айтган ва “Зимняя вишня” савдо марказидаги фожиа муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирган.
Кемеровода 25 март куни “Зимняя вишня”да юз берган ёнғин оқибатида 64 одам ҳалок бўлди.
"Қадрдон юртдошлар. Барчамиз Кемеровода 25 март куни юз берган даҳшатли фожиадан қайғудамиз. Биз ёнғинда 64 кишини йўқотдик ва улардан кўпчилиги болалар. Бизнинг болалар. Ҳар биримиз барча шу ҳодисаларни ўз юрагимиздан ўтказдик, бу даҳшат, бу фожиа оғриғини. Биз билан бирга бутун Россия, бутун дунё қайғурмоқда. Ҳурматли кузбассликлар, мен қўлимдан келган барча ишни қилдим. Қурбонлар оилалари билан учрашдим, ёрдам бериш масалаларини ҳал қилишга ҳаракат қилдим. Яна бир бор чуқур ҳамдардлигимни билдираман. Бироқ шунга қарамай яшашда давом этиш керак. Йўқотганларимизнинг хотирасини ёдда тутиш учун яшаш керак”, деб айтган Тулеев.
73 ёшли Тулеев Кемерово вилоятини 1997 йилдан бери бошқариб келади, 4 марта вилоят раҳбари этиб қайта сайланган. Унинг навбатдаги губернаторлик муддати 2020 йилда якунланиши керак эди.
Кемерово вилояти низомига кўра, вилоят раҳбари вазифаларини энди губернаторнинг биринчи ўринбосари бажаради.