Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Францияда 3 апрелда иш ташлаш сабабли тезюрар поездлар қатнови бекор қилинади
Франция темир йўллари ишчиларининг оммавий иш ташлаши TGV тезюрар поездларида амалга оширилувчи 88 фоиз рейсларнинг бекор қилинишига олиб келади. Бу ҳақда миллий темир йўл компанияси SNCF раҳбарияти маълум қилди.
Тахмин қилинишича, иш ташлашда умумий ҳисобда SNCF’нинг 77 фоиз машинистлари иштирок этади. Иш ташлашга назоратчилар, хизмат кўрсатувчи ходимлар ва компания офисидаги ходимлар қўшилишади. Шу куни TGV тезюрар поездларининг 88 фоизи, Intercite шаҳарлараро рейсларнинг 87 фоизи, TER ҳудудий электр поездларининг 70 фоизгачаси бекор қилинади.
Иш ташлаш, шунингдек, Франция ҳудуди бўйлаб ўтувчи халқаро тезюрар рейслар ишига ҳам таъсир кўрсатади.
SNCF’да таъкидланишича, йўловчилар бекор қилинадиган рейсларга аввал бронланган чипталарни бошқа санадаги чипталарга алмаштиришлари ёки пулларини қайтариб олишлари мумкин бўлади.
Иш ташлаш икки кун – 3 ва 4 апрелда давом этиши режалаштирилмоқда.
Охирги йилларда франциялик темир йўлчиларнинг энг йирик иш ташлашига Франция ҳукумати томонидан таклиф қилинган ислоҳотлар лойиҳаси сабаб бўлмоқда. Таклиф қилинган чоралар орасида темир йўлларнинг имтиёзларга эга маълум мақомдаги ишчиларининг оддий ёлланма ишчиларга тенглаштирилиши бор.
Бунга жавобан касаба уюшмалар апрелдан бошлаб 2 ойлик иш ташлаш ўтказишмоқчи. Иш ташловчилар 5 кунлик иш ҳафтасидан 2 кунида иш ташлашлари режалаштирилмоқда. Умумий ҳисобда иш ташлаш 36 кун давом этади ва июнь охиригача тугаши керак.