Ўзбекистон | 22:44 / 06.04.2018
7801
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йилига мингдан зиёд мураккаб кардиохирургик амалиётлар ўтказилади

Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида замонавий андозалар даражасида барпо этилган ва энг сўнгги тиббий технологиялар билан жиҳозланган уч қаватли янги бино фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабар бермоқда.

Замонавий андозалар асосида барпо этилган янги бинонинг фойдаланишга топширилиши кардиология соҳасида кўрсатилаётган тиббий ёрдамни янада такомиллаштиришга замин ҳозирлади. Хусусан, беморларни клиник ва функционал текширувдан ўтказиш учун халқаро андозаларга тўла жавоб берадиган замонавий тизим яратилди. Эндиликда беморлар битта бинонинг ичида барча текширувлардан ўтиш имконига эга бўлди. Яъни, функционал диагностика бўлимида ЭКГ, ЭХОКГ, ВЭМ, Тредмил тест, ХМЭКГ каби текширувлар, шунингдек, рентген, генетик таҳлил ўтказиш, амбулатор текширувлар хонаси ва маъмурий хоналар ташкил этилди.

Иккинчи қаватда эса 20 ўринга мўлжалланган интервенцион аритмология бўлими, барча қулайликларга эга замонавий рентген операцион блок ташкил этилган. Учинчи қаватда 20 ўринли интервенцион кардиология ва рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўлими жойлашган бўлиб, ушбу операция хоналарида жаҳон тиббиётида қўлланилаётган интервенцион жарроҳлик амалиётларининг барчасини ўтказиш имконияти мавжуд.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати

Мазкур янги бино қурилиши учун давлат томонидан 20 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бинога ўрнатилган хориждан келтирилган CIAT вентиляция тизими ҳароратни қишин-ёзин бир хилда сақлаш ва доимий тоза ҳаво билан таъминлаш имконини беради.

Германиянинг KFW банки томонидан Республика тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш учун ажратилган кредит маблағларидан 3,5 миллион евро ҳисобига Рентген эндоваскуляр жарроҳлик бўлимига Голландиянинг Philips Allura Xper FD20 фирмасининг замонавий универсал ангиография ускунаси, электрофизиологик текширувлар учун BARD тизими, ҳаракатланувчи ангиография ускунаси, радиочастотали генератор ва бошқа юқори технологияли услубларга асосланган замонавий аппаратлар ўрнатилди.

Бинода, шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг кардиология кафедраси ўқув хоналари, мажлислар зали, кутубхона, кардиология музейи, маърифат ва тарғибот хоналари ҳам ташкил этилди. Бу илм-фан ва тиббиёт ютуқларини такомиллаштириш ва амалиётга татбиқ этишда катта имкониятдир.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш