Жаҳон | 10:36 / 07.04.2018
8917
3 дақиқада ўқилади

Беларусда конституция нега ўзгартирилмоқчи?

Фото: Sputnik / Виктор Толочко

Беларусь ҳукуматини иқтисодий ва сиёсий чақириқлар ҳамда хавфсизликка таҳдидлар конституцияни ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўришга мажбурлади. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Макей маълум қилган.

Беларусь президенти Александр Лукашенко март ойида мамлакат конституцияга тузатишлар киритиш бўйича масалани муҳокама қилишга аста-секин келаётгани ҳақида айтганди. Шу сабабдан у асосий қонунни таҳлил қилиш ва тегишли таклифлар тайёрлаш лозимлигини маълум қилган. Шу билан бирга, Лукашенко конституцияга ўзгартиришлар масаласи бўйича фақат умумхалқ референдуми тарафдори эканини таъкидлаб ўтган.

"Бугун биз конституцияни ўзгартириш ҳақида ўйламоқдамиз. Беларусь ва унинг атрофидаги вазият ўзгарди. Кўплаб ҳолатлар, чақириқлар пайдо бўлди, ҳамда биз уларни ҳисобга олишимиз даркор", - деди Макей. ТИВ раҳбари Euronews телеканалига берган интервьюсида шундай баёнот билан чиққан.

У гап қандай чақириқлар ҳақида кетаётганига аниқлик киритиб, Беларусь атрофидаги вазиятга қарашга чақирди. "Биринчи навбатда, гап барқарорлик ва хавфсизлик масалалари ҳақида кетмоқда: Украинадаги инқироз, Россия ва ЕИ ўртасидаги санкциялар машмашаси. Биз иқтисодий соҳада иқтисодий урушларга ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз, бунда Трансатлантик ҳамкорлик доирасидаги сўнгги тўқнашувларни эслаш кифоя... Чақириқлар етарли, биз уларни эътиборга олишимиз шарт", - дея таъкидлаб ўтди вазир.

Шунинг учун, дея давом этган у, Минск “конституциянинг баъзи бандларини яхшилаш” устида ўйламоқда. "Бу ўзгаришлар иқтисодий, сайлов ва бошқа соҳалардаги қонунчиликнинг ўзгаришига олиб келиши аниқ", - дея маълум қилди ТИВ раҳбари.

Макей ЕХҲТнинг тавсияларига мувофиқ мамлакат сайлов қонунчилигига ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳақидаги саволга жавоб берар экан, бу ташкилотнинг кўплаб тавсиялари аввал қабул қилинганини айтди. "Алоҳида тавсиялар ҳали муҳокама қилинмоқда. Биз рад этмаяпмиз ҳамда бу тавсиялар устида ишлашга тайёрмиз", - деди у.

Макей Беларусда ўлим жазосини бекор қилиш истиқболлари ҳақида тўхталиб, 1996 йилги референдум давомида аҳолининг 82 фоизи ўлим жазосини бекор қилишга қарши овоз берганини таъкидлаб ўтди. "Ўлим жазоси бўйича жамоатчилик фикрини ўзгартириш учун жамият билан ишлаш керак, шунингдек, Европа давлатларининг ижобий тажрибасини ўрганиш лозим. Биз бу мақсадга қисқа муддатларда ета оламиз, деб ўйламайман, бироқ унга аста-секин яқинлашмоқдамиз. Бу ишни давом эттириш жуда муҳим", - дея қайд этиб ўтди у.

Мавзуга оид