Жаҳон | 22:46 / 07.04.2018
4346
2 дақиқада ўқилади

Тунисда автобуслар тўқнашуви оқибатида 70 дан кўпроқ одам жабр кўрди

Фото: AFP 2018 / Fadel Senna

Тунис шимолида икки автобуснинг тўқнашуви оқибатида 2 киши ҳалок бўлган, 75 киши жароҳат олган. Бу ҳақда Mosaique FM радиостанцияси маълум қилди.

Тикув фабрикаси ходимларини олиб кетаётган икки автобус тўқнашуви Монастир вилоятидаги Мокнин округида 7 апрель эрталаб юз берган. Жароҳатланганлардан 3 кишининг аҳволи оғир дея баҳоланган. Воқеа жойида 9 та тез ёрдам машинаси иш олиб борган.

Тунис ички ишлар вазирлигида маълум қилинишича, автобуслардан бири қуюқ туман сабабли иккинчи автобус билан тўқнашиб кетиб, ағдарилиб кетган. Таъкидланишича, ҳайдовчи тўхташ зарурлигини кўрсатган йўл белгиларини инобатга олмаган ҳолда йўл ҳаракати қоидасини бузган. 

Тунис прокурори Фарид Бин Жанинг айтишича, йўл-транспорт ҳодисасига сабабчи бўлган ҳайдовчи “йўл белгиларини инобатга олмаслик оқибатида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси натижасида қасдан қилинмаган шикаст ва ўлим етказиш” айблови билан ушланган. Иккинчи ҳайдовчи эса “тегишли рухсатномаларга эга бўлмагани” учун жавобгарликка тортилди.

Мавзуга оид