Жамият | 22:31 / 13.03.2026
562
4 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги тирбандлик сабаб автобуслар интервали 45 дақиқагача узаймоқда – Транспорт бош бошқармаси

Интервалдан ташқари, бир вақтнинг ўзида автобусларнинг кетма-кет бекатга етиб келиш ҳолати ҳам кузатилмоқда. Пойтахт транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов буни Брутто шартнома тизими билан боғлади. Унинг айтишича, транспортлар белгиланган графикдан чиқиб кетмаслиги учун кетма-кет юради. “Бу кўрсатиб турибдики, бизда автобусга бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта”, – дейди у. Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун бу йил 240 та янги автобус олиб келиниши айтилди.

12 март куни Тошкент шаҳар ҳокимияти биносида ўтган матбуот анжуманида пойтахт транспорт бош бошқармаси бошлиғи Миракбар Икромов автобуслар бекатларга кечикиб келаётганига изоҳ берди. Расмий вакил муаммо борлигини тан олди.

“Тошкент шаҳрида ҳозирги кунда 169 та автобус йўналишлари мавжуд. Ушбу автобус йўналишларининг ўртача интервали 10-15 дақиқани ташкил қилади. Лекин хабарингиз бор, тирбандлик пайтида бизда маълум бир вақтда интервалларимиз 30 дақиқадан 40 – 45 дақиқага етиши кузатилган. Бунинг асосий сабаблари тирбандлик”, – дейди у.

Шунингдек, Икромов тармоқларда кўп эътирозларни келтириб чиқараётган яна бир масала – автобусларнинг кетма-кет бекатга етиб келишига ҳам тўхталди.

“Энди битта нарса бор-да, 169 та йўналишимизнинг ҳаммаси Брутто тизими асосида фаолият юритади. Брутто тизими биласизлар, ҳар бир километр учун ҳар бир йўналишга маълум бир нархи белгиланган. Биринчи келаётган автобусимизнинг вақти бор, А нуқтадан Б нуқтага етиб бориши [керак]. Иккинчисининг ҳам график бўйича етиб бориш вақти бор. Шунинг учун булар графикдан чиқиб кетмаслиги учун кетма-кет юради”, – деди бош бошқарма бошлиғи.

Маълумотларга кўра, транспорт тизимини ривожлантириш учун 2030 йилгача концепция қилинган. Унга кўра, 169 та йўналиш 280 тага етказилиши керак.

“Ўрганиш натижасида баъзи бир йўналишларимизда олтита ёки бўлмаса саккизта автобус билан 15 дақиқалик интервални ушлашга ҳаракат қилаётган эдик. Биз [энди] икки томондан келдик, яъни жамоат транспортини кўпайтириш ҳисобига ҳамда унинг устуворлигини бериш, жозибадорлигини ошириш мақсадида инфратузилмавий муаммоларни ечиш масаласи устида бир қатор ишлар амалга ошириляпти. Тўғри, ҳозирги кунда энди очилган янги ташкилот (Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази) бўлгани учун иши балки кўринмаётгандир. Лекин биз биламиз, 2023 йилда президентимиз қарорларидан кейин лойиҳа офиси очилган ҳамда бизнинг қўлимизда шаҳар макромодели бор. Яъни ҳар бир кўчада юраётган автотранспорт воситаларининг сони, унинг турлари, ўртача ҳисоб-китоблари бор.

Ҳозир асосий мақсад — ушбу марказнинг биринчи бўлиб мастер-режасини ишлаб чиқиш. Яъни ўша берилган кўрсаткичлардан, шаҳарнинг ўсишидан келиб чиқиб, мастер-режа ишлаб чиқилади ҳамда шунга қараб туриб яна йўналишлар қайтадан ташкил этилади. Қайтадан ташкил этилгандан кейин унинг жозибадорлиги ҳам [оширилади]. Бизда шунақа кўрсаткич борки, ҳар бир километрда ташилаётган йўловчилар сони бор. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида бунинг сони 3,6 ни ташкил қилади, яъни бир километрда 3,5 тадан кўпроқ одам ташиляпти. МДҲ давлатларининг ичида биринчи ўринда турамиз. Бу кўрсатиб турибдики, бизда автобусга бўлган эҳтиёж жуда ҳам катта”, – дейди расмий.

Қўшимча қилинишича, 2026 йилда 16 та янги автобус йўналиши очилади, 240 та автобус олиб келинади. Унинг 200 таси электробус, 40 таси табиий газда юради. Эскирган йўналишлар янгиланиб, интерваллар қисқартирилиши кутилмоқда.

Миракбар Икромовнинг маълумотига кўра, ҳозирда Тошкент шаҳрида 2000 дан ортиқ автобус мавжуд. Шунинг 1 050 таси сиқилган табиий газда, 526 таси электрда ҳаракатланади. Қолгани дизел ёқилғисида ишлайдиган автотранспорт воситалари ҳисобланади. Уларнинг 204 таси “Мерcедес” русумидагилардир.

Бу автобуслар 2012-2013 йилларда ишлаб чиқарилган. Яъни ташувда фойдаланиш ёши 15 йилни ташкил қилади. Икромов кейинги йилда бундай транспорт воситаларидан фойдаланиб бўлмаслигини айтди.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид