Жамият | 10:41 / 14.04.2018
46132
3 дақиқада ўқилади

“Эшак гўштини ҳатто итларга ҳам беришмайди, улар эса одамларга пулламоқда...”

Сўнгги кунларда эшак гўшти сотилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар Ўзбекистоннинг турли чеккаларида учрамоқда. Шаръий томондан ҳалол ҳисобланмайдиган бу маҳсулотни мол гўшти дея сотилаётгани ва одамлар томонидан билмай истеъмол қилинаётгани ачинарли ҳол. Тошкент шаҳрида жойлашган “Мирзо Юсуф” жоме масжиди имом хатиби Саййид Раҳматуллоҳ Термизий бу ҳолатга тўхталиб ўтар экан, жумладан, шундай деди:

Нўъмон ибн Башир (р.а) ривоят қилган "Муттафақун алайҳ" ҳадисида шундай дейилади: “Расул алайҳиссаломнинг шундай деяётганларини эшитдим: “Дарҳақиқат, ҳалол нарсалар очиқ-ойдиндир, ҳаром нарсалар ҳам очиқ-ойдиндир. У иккисининг ўртасида эса шубҳали нарсалар борки, уларни кўпчилик билмайди. Ким ана шундай шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилса, динини ва обрўсини покиза асраб қолади. Аммо ким шубҳали нарсаларга ўралашиб қолса, ҳаромга ҳам тушиб қолади. 

Бунинг мисоли бировнинг қўрғони ёнида қўйларини ўтлатиб юрган чўпонга ўхшайди. Унинг қўйлари сал қолса, ўша қўрғонга кириб кетади. Огоҳ бўлинг, ҳар бир подшоҳнинг ўз қўрғони бордир. Огоҳ бўлинг, Аллоҳнинг қўрғони унинг ҳаром қилиб қўйган нарсаларидир. Огоҳ бўлинг, жасадда бир парча гўшт бор, агар у соғлом бўлса бутун жасад соғ-саломат бўлади. Агар у айниса бутун жасад бузилади. У қалбдир”, дедилар.

Мана шу қалбнинг ўрнига бўш ахлат қутиси бўлмаслиги керак экан. Агар шундай бўлса, қалб ўрнида бўш ахлат қути бўлса, инсон шу даражада тубанликка борар эканки, одамларга мол гўшти дея эшак гўштини едирар экан. Ва шу йўл билан йиллар давомида тап тортмасдан шу ишни қилавераркан. Ислом дини билан суғорилган халқимизда эшак ўлаётган вақт уни ҳалоллаб олишга ҳаракат қилинмайди, у ўлгач, гўшти ҳатто итларга ҳам берилмайди, кўмиб қўя қолишади. Аммо улар сотишмоқда, ҳаром нарсани алдов йўли билан пуллашмоқда. Улар ҳам мусулмон, мусулмоннинг боласи. Ота-боболари ҳам мусулмон бўлишган. Аммо ўртада тарбия йўқ бўлиб қолганлиги учун, улар мана шундай нопок ишларни қилишмоқда.

“Ҳалол стандарт” деган истилоҳни кўп ишлатяпмиз, бу ривожланиб бормоқда. Агар бу ислоҳот янада кенгайса, кўчаларда бемалол овқатланадиган бўлинади, ҳар хил нопок нарсалар аралашмаган таомлар истеъмоли йўлга қўйилади. Ота-боболаримиз бекорга кўчадан овқат ема деб айтишмаган экан. Юқорида айтганимиздек, “Ҳалол стандарт” ислоҳотига жиддий қаралса, уни тез йўлга қўйилса барчаси биз учун, халқимиз учун аъло бўлади.

Мавзуга оид