Тошкентдаги «Мирза Юсуф» (Бодомзор) жоме масжиди имом-хатиби Раҳматуллоҳ Сайфиддинов ўз чиқишларидан бирида автомобил йўлларининг аҳволини танқид қилиб, йўлсозлик соҳаси масъулларини инсофга чақирган эди. Бироқ бунга жавобан Автомобил йўллари қўмитаси раддия беришни сўраб, имом устидан Мусулмонлар идорасига шикоят қилганди.

Kun.uz мухбири имом Саййид Раҳматуллоҳ Термизий ўз маърузасида назарда тутган йўлни аниқлади ва у ердаги ҳолатни бориб кўрди.

Маълум бўлишича, домла сўз юритган йўл Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасининг 556 метрлик қисми бўлиб, йўл 2020 йил 29 август куни (9 ой аввал!) фойдаланишга топширилган. Аниқланишича, ўтган салкам 10 ой вақт ичида йўлнинг бу қисми 7-маротаба таъмирланмоқда.

Мухбир гаплашган маҳаллий фуқаро йўл фойдаланишга топширилгандан буён деярли ҳар ой таъмирланаётганини айтди.

Жазирама иссиқ бўлишига қарамай, айнан шу ерда навбатдаги таъмирлаш ишларини олиб бораётган йўлсозларнинг айтишича, улар ҳам таъмирлашдан чарчаган.

Сабабига қизиққанимизда, маълум бўлдики, Юнусобод метро йўналишининг сўнгги – Туркистон бекати қурилиши муносабати билан йўл кавланган, сўнгра, бекатнинг усти бетон ва тупроқ билан ёпилган.

Йўл серқатновлиги боис тебраниш ва оғир юклар асфалт қоплама остига ўз таъсирини кўрсатган ва бир неча ойдирки, қайта-қайта таъмирлашга тўғри келмоқда.

Асфальтости қатламнинг етарли даражада зичланмагани йўл такрор-такрор таъмирланишининг асосий сабабларидан бири экани айтилмоқда.

Биз Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобил йўллари қўмитаси билан боғландик. Қўмита расмийсининг айтишича, гарчи имом-домла маърузаси бўйича қўмита Мусулмонлар идорасига хат киритган бўлса-да, сўз бораётган йўл қўмита тасарруфида эмас.

Тошкент шаҳридаги барча йўллар маҳаллий, яъни ички фойдаланишдаги йўллар ҳисоблангани боис, шаҳар ҳокимлиги тасарруфида ҳисобланади ва туман ободонлаштириш бўлимлари томонидан таъмирланади, дейишди қўмитадагилар.