17:30 / 17.04.2018
5777

Олмазор туманида тарбияси оғир болаларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди

Инсон манфаатларини таъминлаш учун, аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш керак бўлади.

Шу мақсадда, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ташаббуси билан жорий йилнинг 16 апрель куни Олмазор туманининг «Гуручариқ» маҳалла фуқаролар йиғинида тумандаги фуқароларининг ўз ечимини топмаган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан сайёр қабул ҳамда тарбияси оғир вояга етмаган шахслар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилди.

Ушбу сайёр қабул ва учрашувда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгаши, Миробод туман ҳокимлиги, прокуратураси, ички ишлар бошқармаси, тиббиёт бирлашмаси, халқ таълими бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, Тошкент шаҳар психологлар ассоциацияси ва бошқа мутасадди идора вакиллари иштирок этишди.

Сайёр қабулга 62 нафар фуқаролар мурожаат этиб, шундан 38 нафарига мурожаатидаги масалалар юзасидан тушунтиришлар берилиб, 24 нафар фуқаронинг мурожаатлари белгиланган тартибда кирим қилиниб, ижроси назоратга олинди.

Мазкур мурожаатлар хусусиятига кўра, турар жой билан таъминлаш, уй-жой, моддий ёрдам, соғлиқни сақлаш, мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш, аҳоли бандлиги, доимий рўйхатга қўйиш, ободонлаштириш ва бошқа масалалари билан боғлиқ ҳолатларни ташкил этади.

Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида 45 нафар тарбияси оғир вояга етмаган шахслар ва уларнинг ота-оналари билан учрашув ўтказилиб, улар томонидан турли масалаларда мурожаатлар келиб тушди.

Ҳар бир боланинг қобилияти ва истеъдодини ўз вақтида пайқаш, тарбиялаш, рўёбга чиқариш нафақат ота-она, балки бутун жамиятнинг бурчидир. Шу мақсадда, мулоқотлар давомида фуқароларнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда, индивидуал тартибда психолог иштирокида тарбияси оғир вояга етмаган шахслар билан биргаликда учрашувлар ҳам ташкил этилди.

Мазкур учрашувлар давомида тарбияси оғир вояга етмаган шахслар масаласида 11та мурожаат кирим қилинди.

Таъкидлаб ўтиш ўринлики, кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй ёшлар тарбияси масаласида ҳушёрлик ва огоҳликни янада ошириш талаб этилади.

Сайёр қабул ва учрашув давомида келиб тушган мурожаатлар Тошкент шаҳар адлия бошқармаси томонидан қатъий назоратга олинди.

Одамларнинг дардини эшитиш, улар билан очиқ мулоқотда бўлиш, оғирини енгил қилиш аҳолининг давлат ва жамиятга ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Навбатдаги сайёр қабул (соат 9-00 дан 13-00 гача) ва учрашув (соат 12-00 дан 14-00 гача) жорий йилнинг 18 апрелида 
Сергели туманидаги «Ўзгариш» маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилади.

Top