15:03 / 18.04.2018
5123

Эрон зиёрат ва тиббиёт туризми йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди

Теҳронда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги 12-Ҳукуматлараро қўшма комиссияси йиғилиши доирасида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари томонидан Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига доир тақдимот ташкиллаштирилди, шу билан бирга эронлик ҳамкорлар билан қатор музокаралар ўтказилди.  Эрон томон зиёрат ва тиббиёт туризми йўналишида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди, дея хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Форум давомида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари Эроннинг Маданий мерос, ҳунармандчилик ва туризм вазири ўринбосари Муҳаммад Муҳиб Худоий, вазирликнинг маркетинг ва тарғибот бўлими бошлиғи Лайло Аждарий, шунингдек ITAO - Эрон туроператорлар ассоциацияси маслаҳатчиси Маҳмуд Бонақдия билан учрашувлар ўтказишди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Музокаралар чоғида Ўзбекистон томон мамлакатда мусулмон сайёҳлар учун яратилган шароитлар, бой ислом маданияти ва меросининг қайта тикланишига доир янги лойиҳалар - Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Имом Ал-Бухорий номидаги илмий-тадқиқот маркази, шунингдек ҳалол сертификатининг жорий қилиниши, замонавий туристик инфратузилма ва туризмнинг турли йўналишлари ҳақида сўзлаб берди. Бундан ташқари, Эрон туроператорлари ассоциацияси вакилларига "Ўзбекистонни зиёрат қилиш учун 10 сабаб" рисоласи ҳамда тақдимот слайдлари тақдим этилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

2017 йилги статистикасига кўра, Эрон Ислом Республикасининг 10 миллионга яқин фуқароси хорижий мамлакатларга саёҳат қилган ва уларнинг аксарияти оилавий саёҳатлар бўлган. Шунинг учун Эрон томон Ўзбекистон билан зиёрат ва тиббиёт туризми бўйича ҳамкорликни йўлга қўйишга қизиқиш билдирди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳияти қайтадан очилган Ўзбекистон-Эрон савдо уйида тарғиб қилинади. У ерда Ўзбекистондаги туризм ҳақида тарқатма материаллар тақдим этилади ва марказий залда мунтазам равишда Ўзбекистоннинг турли шаҳарлари ҳамда туризм йўналишлари ҳақида видеороликлар намойиш этилади.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати
Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

 

Top