10:40 / 22.04.2018
30755

6 мамлакат армиялари ўртасида Ўзбекистон ҳарбийлари иккинчи бўлишди

Жорий йилнинг апрель ойидан сентябрь ойига қадар МДҲга аъзо давлатлар дўстона армиялари доирасида ҳарбий-амалий спорт турлари бўйича мусобақалар ўтказилиши режалаштирилгани ҳақида олдин хабар берилган эди.

Мазкур дастур доирасида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари подполковник Баҳодир Тухтаназаров, Зокир Хазиев, майорлар Мадиёр Саидов, Шерзод Рашидов, капитанлар Аваз Усмонов, Бахтиёр Мадаминов, Одилбек Юлдашев, Ҳусниддин Элмуродовдан иборат жамоа шу йилнинг 16-20 апрель кунлари Россия Федерациясида бўлиб ўтган ҳарбий-амалий спорт турининг “Командирлик стартлари” йўналиши бўйича мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва мусобақада иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

ЦСКА (Марказий ҳарбий спорт клуби)нинг “Игровой” универсал спорт мажмуасида ўтказилган мусобақаларда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбий хизматчилари иштирок этди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Чемпионат дастуридан 2 та жамоавий спорт тури ва 4 та якка тартибда ҳар бири учун алоҳида комплекс машқлар жамланган 3 ёш тоифа йўналишида ўтказилди. Мусобақаларни 4 та ҳакамлар бригадасидан иборат 58 нафар спорт ҳаками баҳолаб борди.

Мусобақада иштирокчилар эстафета югуриш (4х400), тўрткураш (сузиш, тўппончадан ўқ отиш, турникда тортилиш 3000, 2000 ва 1000 м масофаларга югуриш)дан куч синашди.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

2000 м масофага югуришда майор М. Саидов 6.04 дақиқа натижа билан 6.07 дақиқада келган россияликни ортда қолдириб, олтин медалига эришган бўлса, ҳамюртимиз капитан Д. Мадаминов 6.22 дақиқага келиб учинчи ўринни қайд этди. Эстафета югуришда  3,42,2 дақиқада келган Беларусь вакиллари биринчиликни қўлга киритган бўлса, ўзбекистонлик ҳарбийлар 3,44,2 дақиқа натижа билан яна россияликлардан (3,44,5) олдин бўлишди. Тўрткураш мусобақасида ҳам вакилларимиз 2-ўринга сазовор бўлишди. Бригада командирлари ўртасида подполковник З. Хазиев, батальон командирлари ўртасида майор М. Саидов ва взвод командирлари ўртасида капитан А. Усмонов шахсий биринчиликда учинчи ўринга эришди. Ўзбекистон ҳарбийлари чемпионатда жами 1 та олтин, 14 та кумуш ва 5 та бронза медали билан мамлакатимизга қайтиб келишди. Умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Россия ва учинчи ўринни Беларусь ҳарбийлари эгаллади.

Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати
Фото: Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати

Совриндор жамоа 21 апрель куни Ислом Каримов номидаги “Тошкент” халқаро аэропортида тантана билан кутиб олинди.

 

Top