Ўзбекистон | 17:51 / 28.04.2018
8531
3 дақиқада ўқилади

“Агробанк” АТБ томонидан Коррупцияга қарши курашишга бағишланган семинар ўтказилди

“Агробанк” АТБнинг Бош офисида “Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш коррупцияга қарши курашишнинг асосий омили” мавзуида семинар ўтказилди. Бу ҳақда “Агробанк” АТБ матбуот хизмати KUN.UZ’га хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Жўрақул Сатторов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масъул ходими Ҳусниддин Рўзимов, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда банкнинг раҳбар ва ходимлари  иштирок этди.

Фото: Агробанк

Ушбу семинарни ўтказишдан асосий мақсад банкнинг ходимлари онгу шуурига хизмат вазифаларини виждонан ва самарали бажаришда одоб-ахлоқ ҳамда хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг аҳамияти ва моҳиятини етказишдан иборатдир.

Семинарда “Агробанк”АТБ Юридик департаменти директори Ж.Саипов ва бошқалар банк ходимлари ўртасида қонунбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, коррупцияга қарши курашиш, хизмат интизоми, шунингдек, ходимларнинг одоб-ахлоқ ва хулқ-атвор қоидаларига риоя этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда галдаги муҳим вазифалар хусусида сўз юритди.

Фото: Агробанк

Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар доирасида банкнинг ҳудудий бошқармалари ва филиалларида тарбиявий профилактик ишларни кучайтириш, ходимларни муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, банк тизимига доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида банк Бошқаруви томонидан 2018 йил 11 апрелда Банк ходимларининг корпоратив этикаси қоидалари тасдиқланди. 

Унга кўра, ҳар бир ходим ўз хизмат вазифасини бажаришда давлат принциплари ва талабларига қатъий риоя этиши, хизмат вазифаларини виждонан, юксак касбий даражада бажариши, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳисобга олиши каби қатор тартиб-қоидалар белгиланди.

Фото: Агробанк

Тадбирда банк ходимлари давлат органларига коррупция ҳолатларига қарши курашиш ва уларнинг профилактикасига фаол кўмаклашиши лозимлиги таъкидланди.

Семинарда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси масъул ходими томонидан коррупцияга йўл қўйган ходимларнинг жавобгарлиги ва уларнинг манфаатлар тўқнашуви масалалари бўйича атрофлича тушунчалар бериб ўтилди.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди.

Мавзуга оид