Жамият | 01:51 / 28.04.2018
84312
3 дақиқада ўқилади

Анвар қори Турсунов 19 кундан буён комада ётгани маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ва «Минор» масжиди бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов 19 кундан буён комада ётгани маълум бўлди. Бу ҳақда шоир Муҳаммад Исмоил ўзининг Facebook-саҳифасида ёзиб қолдирган.

«Мана ўн тўққиз кунки, улуғ устозимиз, замонамизнинг алломаи кироми, донишманд инсон Анвар қори Турсун ўзларига келолмай, кома ҳолатида ётибдилар. Жума намозида дуо қилинглар, азизлар! Анвар ака ҳалол, покиза, тўғрисўз ва ҳамиша, ҳаммавақт ҳаммага яхшилик қилиш пайида яшайдиган, кечаю кундуз элимизни, миллатимизни дуо қилиб чарчамайдиган, илми урфон тарқатишни ўз ҳаётининг мазмуни, деб биладиган, ҳаётининг бош мақсади ислом аҳкомларини кенг ёйиш, кишиларни Қуръон ва ҳадис нурлари билан зиёлантириш, Қуръон асосида яшашни олий мартаба, деб билган ва Ер юзида бугун истиқомат қилаётган энг улкан уламолардан биттасидир.

Мен қарийб ўттиз йилдан буён у кишининг ёнларида юриб, юқорида айтган сўзларимга минг бор иқрор бўлганман. Мен учун, Анвар ака дўстим десам, дўстимдан аъло, ака десам, акамдан аъло, устоз десам, устоздан аъло инсондир. Анвар ака мусулмон бандаси борки, ҳамиша ҳаммасига чексиз эҳтиром кўрсатадиган, қалби меҳру муҳаббатга тўлиқ меҳридарё инсондир.

Азизлар, муҳтарам устозимизни дуо қилишингизни ўтиниб сўраб қоламан! Биз йиллар давомида Анвар аканинг илму зиёсига муҳтож эдик, бугун у зот сизнинг дуоингизга муҳтож, зора Сизнинг дуоингиз сабаб Оллоҳ таоло шифои комил ато этса, ажаб эмас. Зеро, ёмғир билан Ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар! Оллоҳим, устозимизга соғлик саломатлик ато эт, Ўзинг буюксан, Ўзинг қудратли Парвардигорсан Оллоҳим!», – деб ёзади шоир.

Аввалроқ Анвар қори Турсунов микроинсультни бошдан кечиргани маълум қилинган эди. KUN.UZ таҳририяти у кишини тезроқ соғайиб кетишини, оила аъзолари ва дўсту шогирдлари олдига соғлом қайтишларини тилаб қолади. Азизлар, ҳақиқатдан ҳам дуода куч кўп. Биримизники бўлмаса, биримизники, албатта, қабул бўлади. Дуо қилайлик, Яратганнинг ўзи дуоимизни ижобат қилсин.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид