Жамият | 14:45 / 03.05.2018
126230
15 дақиқада ўқилади

ИИВга ҳайдовчилардан мурожаат: «Бизни «17-пост» балосидан қутқаринг!»

Узр сўрайман, мазкур мақолам бироз чўзилди. Лекин таҳририятимизга Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ га қарашли «17-пост» ва «Чиноз» деб аталувчи ЙПХ масканларидан ёзғириб шикоят йўллаган кўплаб ҳайдовчиларнинг арзи ушбуларни битишга мажбур қилди.

Ижозатингиз билан Kun.uz га келган шикоятлардан бирига кўз югуртирамиз:

«Ассалому алайкум. Мен таксичиман. «ГАИ»лар ҳақида арзим бор эди. Бизни қийнаётган ушбу муаммони тепагача кўтариб чиқишда ёрдамингиз керак. Президентимиз чиқарган қарорга қарши радарларни яшириб қўйиш ҳали ҳам тўхтагани йўқ. Масалан, Тошкентдан Самарқандга кетаверишда Сирдарё йўлида «17-пост»га бораверишда 10 км олдин фуқароларга тегишли машиналарга радар жойлаштириб,ўзлари «17-пост»да кутиб олади. Қўлида қоғоз варақчада машиналарнинг рақами ёзилган. Ёки бўлмасам, Сирдарёдан Тошкентга қараб йўналишда Бахт шаҳарчасида фуқароларга тегишли машинага радар жойлаштириб,ўзлари «Чиноз» постида кутиб олишади. Уларда ҳам рақамлар ҳам қоғоз вараққа ёзилган. Мана шу муаммони кўтара оласизларми?!Ўзим тўхтаб қараб ўтганман:фуқаролик машинаси ичида бир ёш бола машинанинг орқа ўриндиғига ўтириб олиб, орқа ойнани тешик пардасидан радар тезликни расмга тушириб, постга интернет орқали жўнатади. Улар ноутбукда ҳайдовчиларга ўша расмни кўрсатиб, роса қийнашаяпти».

Мавзуга оид яна бири: «Кун.уз, сизга савол:Президентимизнинг қарорларига амал қилмасдан панада радар қўйиб ўтирган ЙПХ ходимларини нимага кўрсатмайсизлар? Қани,қонун устуворлиги?! Ёки қўрқасизларми?!»

Шунга ўхшаш яна бошқа маълумотлар етиб келгач, хизмат сафари билан Тошкентга сўнгги уч боришимда Сирдарё вилоятидан ўтган йўлларни кузатиб, фоторадарлар жойлаштирилган машиналарни аниқлай олмадим. Лекин уларнинг борлиги аниқ эди. Чунки ҳар икки постда телефонига қараб автомашиналарни тўхтатаётган ЙПХ ходимларини ўз кўзим билан кўрган эдим.

1 май куни менинг ҳам «лотереямга ўйин чиқди». «17-пост»да мени телефонга қараб тўхтатишди. Ўзини таништиришни ҳам эп кўрмаган лейтенант унвонидаги ЙПХ ходими ҳужжатларни тақдим этганимдан сўнг тўхтатилганим сабабини сўраганимда у қўлидаги телефонига қараб, «тезлик 70 белгиланган жойда 85 км/соат билан келяпсиз», деди.

Мен аввало фотосуратни сўрадим. Постдаги хоначада ноутбукдан 10 тача машинани варақлаб, машинамнинг суратини кўрсатишди.

«Радар қаерга ўрнатилган?» деб савол бердим. (Чунки аҳоли яшаш пунктларида тезликни ҳеч қачон 70 км/соатдан оширмайман, кўчада кўп юраман ва бу менда одат даражасига кўтарилган. Боз устига, 1 май куни бу ҳудудда жала қуйиб ётган эди, бунақа об-ҳавода аҳоли пунктида умуман тезликни пасайтираман).

ЙПХ ходими машинам билан бирга фотосуратда тушиб қолган — йўл ўртасидаги бетон тўсиқ устида турган милицонернинг картондан ясалган шаклига эътибор қилишимни сўради: «Бу белги қаерда қўйилишини биласизми?» деб сўради.

«Бу ташвиқот белгиси ва унинг қаерда қўйилишини билмайман, билишни ҳам истамайман. Чунки бу кўчма картон шакл тезликни чеклаш керак эканлигини билдирмайди. Марҳамат, мен билан бирга юриб, фоторадар айнан қаерда, қай йўсинда ўрнатилганини кўрсатинг, буни билишга ҳаққим бор», дедим.

Хуллас, тортиша-тортиша мени тўхтатган ЙПХ ходими фоторадар турган ҳудудга мени олиб боришни рад этди ва ҳужжатларимни қайтариб берди ва огоҳлантириб қўйишни ҳам унутмади: «Расми орқангиздан боради!»

Унинг исм-фамилиясини ва кўкрак нишони рақамини атайлаб ошкор этмайман, чунки муаммо Сирдарё вилоятида систематик тус олган ва айнан шу ЙПХ ходими «жавобгар эчки» ролида бўлишини истамайман. (Лекин алоҳида таъкидлаб ўтишим керакки, фоторадар туширган сурат Самарқанд шаҳрига келган куниёқ уни суд орқали бекор қилдиришга ҳаракат қиламан ва бошқаларга ҳам ўрнак бўлиши учун бу жараён қандай боришини матбуотда ёритаман. Гувоҳларим бор — фоторадар айнан аҳоли пунктида ўрнатилганини ЙПХ ходими исбот қилиб беролмади).

Келинг, Сирдарё вилоятида ЙПХ постлари ўзи қандай ишлаши ҳақида бироз мушоҳада қилайлик.

Хабарингиз бор, Президентимиз қаттиқ танқид остига олиб ўтганидан сўнг барча вилоятларда ЙПХ масканлари сони кескин қисқартирилди. Айрим вилоятларда ҳаттоки бутун вилоятда биттагина қолди. Айниқса вилоятдан-вилоятга ўтишда постлар кетма-кетлиги биттагача туширилди. Бироқ бу топшириқ ва ташаббус Сирдарё вилоятига тааллуқли эмас, шекилли. Халқ ўртасида «Етим пост» номи билан машҳур, Тошкентга бораверишда «17-пост»дан сўнг 14,5 км.дан кейин жойлашган кичикроқ постча олиб ташланди, холос.

Кичикроқ постча!.. У «Етим пост» деган, халқ томонидан қўйилган ном билан машҳур, нақ ва нақд коррупциянинг «уяси» эди. Очиғи, ЙПХ ходимлари бу ерда асосан радарга тушган ҳайдовчиларни «шилиш» билан кун кўришарди. Буни исталган ҳайдовчидан сўрашингиз мумкин. Радарлар постнинг ҳар икки тарафига ўрнатилган эди. Улардан бири (Тошкентга бораверишда) пост олдидаги қишлоқ бекатидаги дўкон олдига тахлаб ташланган салқин ичимликлар ичига ўрнатилган эди. Ёки йўлдан пастроққа оқ тусли ВАЗ-2107 давлат рақами 20X532CA автомашинаси ичига радар ўрнатиб кун кўришар эди. (Бу вазият билан шахсан таниш одам менга ўша машинанинг фотосуратини ташлаб берди):

Хуллас, «Етим пост» — «Ҳақиқатдан ҳам тез келдим, радарга тушдим, марҳамат қилиб баённома расмийлаштиринг, розиман», десангиз ҳам пул таъма қилинадиган пост эди.

Лекин бизга келиб тушган маълумотларга кўра,Самарқандга қайтишда Сардоба қўрғонида, Тошкентга боришда Бахт шаҳарчасида синалган усул ҳали ҳам амалда шекилли.

Ўзингиз ўйланг, радар у ёқда турибди, постга сурат узатиляпти. Менинг ёки бошқаларнинг машинасини оддий фотоаппаратда суратга тушириб олиб, «Фотошоп»да керакли тезлик рақамлари қўйилиб, постда турган инспекторга узатиш ва шу йўл билан пул таъма қилиш мумкинми?! Албатта мумкин! Ҳозир техника ривожланган. «Фотошоп»да керакли шаблон ясаб олинади, расмлар ташлаб турилади — вуаля! Машинани тўхтатган инспектор эса биринчи талабга кўра бундай эмаслигини исботлаб бериши керак. Радарни, унинг маркасини ва техник кўрикдан ўтказилгани, соз эканлиги хусусидаги ҳужжатларни кўрсатиши лозим. Қолаверса, журналист талабига кўра, ҳаракатлари қонуний эканлигини исботлаб бериб, ана ундан кейин рисоладагидек жаримага тортиши керак.

Хўш, унда мендан нимани яширишди?! (Журналист эканлигим, таҳририятда бу хатти-ҳаракатлар устидан шикоятлар борлиги,хоҳласа уларни Телеграмдан кўрсатишим ва энг асосийси —  албатта мақола ёзилишини айтиб ўтдим — бир туки қилт этмади).

Самарқандга кетаверишда «17-пост»дан 21 км.дан сўнг Жиззах вилоятига тегишли «Манас» ЙПХ маскани жойлашган. (Жиззах вилояти декабрь ойида «Ғаллаорол»постини олиб ташлаган). М-39 трассасида Жиззахда биттагина пост қолди. Тошкент вилоятига кираверишдаги Сирдарё вилоятига тегишли пост, майли, қайсидир мақсадларда керакдир. 21 км жойда кетма-кет иккита пост нега кераклигини ички ишлар вазирлигидан кимдир тушунтириб бера оладими? 600 минг аҳоли яшайдиган вилоят учун?

Фақат илтимос, чегара, хавфсизлик каби сийқаси чиққан сўзлар бўлмасин. Аввало, бор-йўғи 4 та аҳоли пунктидан ўтилади Сирдарё вилояти ҳудудидан. Иккинчидан, сиз келтирган важ-у корсонларни исталган бошқа вилоятга нисбатан қўллаш мумкин — лекин улар Президент хитобига «лаббай» деб жавоб бериб, ўйланмасдан олиб ташлашди-ку?!

Қолаверса, тўғрига ўтилса — Қозоғистон, у ерда чегара назорат пости бор-ку?! Сизларга ҳам довруғи етти оламга достон «Етим пост» ва у ердаги олчоқлар  «гур-р» этиб, «17-пост»га кўчгандек кўринмаяптими?

Яна бир жиҳат: «радар жойлаштиришда фуқароларнинг машинасидан фойдаланилмоқда, машина ичида ЙПХ ходими эмас, ёш бола ўтириб расмларни узатаяпти», дейишмоқда. Албатта, мени кеча ўша радар жойлаштирилган жойга олиб боришганида бунга ҳам аниқлик киритардим. Олиб боришдан бош тортишганидан аёнки, вазият чиндан ҳам шундай.

Хўш, савол туғилади: бир инсонни ҳар куни ишдан қолдириб, машинасини сафарбар қилиб, радар жойлаштириш ва унинг ишига ҳақ тўлаш қайси манба ҳисобидан амалга оширилмоқда экан? Ёки улар текинга ишлаб бераяптимикан, текинга ҳатто мушук ҳам офтобга чиқмайдиган бир замонда? Ниманинг ҳиди келмоқда?

Самарқанддан Тошкентга келишда «17-пост»гача 5,1 км масофа қолганда канал устидаги кўприкдан энишда қайрилиб олиш жойи бор. Икки томони бийдек дала бўлган шу жойда ҳам уззу-кун сирдарёлик ЙПХ ходими «навбатчилик» қилади. Қачон ўтсам турган бўлади. Навбатчилик қилганида ҳам, сиренали, махсус машинада эмас, оддий фуқаролик машинасида.

Эътибор беринг, қайрилиб олиш учун жой ўта ноқулай жойда жойлаштирилган. 100 км/соат тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган (айрим ҳайдовчилар албатта, бунданда тез ҳаракатланадиган) жойда! Кўприк устидан ошиб тушишдан кейин дарҳол қайрилиб олиш жойи. Сизнинг тезлигингиз 100 км/соат. Ўнг томонингиздаги машина ДАН ходимини кўрди, тезликни ташлади. Сиз кескин тормоз бермасликка мажбур бўлганингиздан ёки эътиборсиз ҳайдовчилар 1-қатордан қайрилиб олиш учун ажратилган ҳудуд чизиғини босиб, тўғрига ўтишади ва «тўр»га тушишади.

Постгача бўлган 5 км масофада бошқа қайрилиб олиш жойи йўқ. Мана шу қайрилиб олиш нуқтасини бир неча юз метр нарига — кенгроқ жойга кўчириш мумкинми? Мумкин! Лекин бу ерда «тузоқ»нинг «изюминка»си йўқолади-да!

Биз кеча Тошкентдан қайтаётганимизда ҳам бухоролик манави «Матиз» эгаси «қопқон»га тушган эди. ЙПХ ходими давлат рақами 20F740DA бўлган фуқаролик шахсий автомашинасида «ов» қилмоқда.

Чўлнинг ўртасида нисбатан қатнов кам. Шу чизиқни босиб тўғрига ўтганларни ушлаш Сирдарё вилоятининг катта йўлдан наридаги аҳоли пунктларидан бирида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдан ҳам муҳимроқ тадбирмикан?

Тошкентга қатновчи такси ҳайдовчилари билан ушбу радарлар ҳақида суҳбатлашганимда, «Улар Сирдарё вилояти авторақамига эга бўлган машиналарни мутлақо тўхтатишмайди. 20 авторақамдагилар истаган тезликда ҳайдашади!Биз-ку, буларнинг ушбу ҳийласини биламиз, бироқ маҳаллий машиналарга қизиқиб, бошқа вилоятдан борган кўпгина автомашиналар осонгина «тўр»га тушишади», дейишди.

Вилоятлардан бирида ЙҲХБда ишлаган, яқинда ишдан бўшатилган собиқ инспекторлардан бири эса бу ҳолни тизимдаги мавжуд тотал коррупция билан изоҳлади:

«Радарнинг кунлик ҳақи бор, уни вилоят ИИБ ЙҲХБ даги радар учун масъуллар долларда олишади. Олаётган маошлари уларнинг рўзғор тебратишига етмайди, албатта. Боз устига, ҳар бир ЙПХ инспекторига маълум миқдорда «план» қўйилган — «тепа»га узатиб туриши керак. Шу сабабли улар М-39 га катта йўлга чиқиб «ов» қилишади. Видеорадар билан таъминланган «Ласетти» машиналардан «фойда» кам. Машина тезда танилади, «ҳайдовчилар бирдамлиги» ишга тушади ва «тушум» кескин камаяди.

Аксарият ҳолларда бошқа вилоятдан келаётган, пойтахтдан қайтаётган бегона машиналар шошиб турган бўлишади, кўп қатновчи ҳайдовчилар, айниқса таксичилар барибир йилига камида 2 марта ҳайдовчилик гувоҳномасини олдирган бўлишади. 50 минг эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси қайтариб берилади ва «ўйлаб топилган» қоидабузарликка кўз юмилади. Бунга вилоят даражасидаги раҳбарларнинг ўзлари йўл очиб беришган», деди у номини ошкор этмаслик шарти билан берган интервьюсида.

ЙПХ ходимлари видеокамера билан жиҳозланиши, ҳайдовчилар билан ҳуқуқий муносабатлари ёзиб олиниши ҳақида Президент айтганига, топшириқ берганига ҳам анча вақт бўлиб қолди. Ички ишлар вазирлиги «халқнинг хотираси қисқа, унутиб юборади, барибир» қабилида иш қиляптими, билмадик, бу борада бирор ижобий силжиш кўзга ташланмаяпти.

Тошкент ШИИБ бошлиғи, Ўзбекистон ички ишлар вазири ўринбосари Рустам Жўраевнинг«Тошкентда йўл-патруль хизмати инспекторларига яширинча хизмат олиб бориш тақиқланди», деганини эса бутун Ўзбекистон эшитди.Қизиқ, битта давлатда ҳар хил қарор бўлиши мумкин эмас-ку? Қолаверса, моҳиятан бу яхши ташаббус, чунки ЙПХ ходими кўриниш бериб турса ҳам кўзланган натижа — йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланади. Яхши ташаббусни ҳамма қўллаб-қувватлаши керак эмасми?

Фикримизни шу йўсинда давом эттирадиган бўлсак, агар чиндан ҳам узоқ йўлга чиққан ҳайдовчини ногаҳоний тўхтатиб, жазолаб асабини бузиш эмас, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши, ҳайдовчиларнинг тезлик лимитига риоя қилишлари мақсад қилинган бўлса, аҳоли пунктларига радарни симёғочларга ўрнатиб, «Диққат, радар!» йўл белгиларини қўйиб, бунга осонгина эришиш мумкин-ку!

Бу борада Тошкент вилоятида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Бундай автоматлаштирилган тизимни жорий этишдан мақсад — жазонинг муқаррарлигини таъминлаш ва пировард натижада ҳайдовчиларнинг ҳаракатланиш қоидаларига амал қилишга мажбурлаш, энг асосийси — тизимда коррупция ҳолатларига барҳам бериш эди.

Аммо, лекин, бироқ… Сирдарёда йўлларда коррупцияга барҳам берилишидан кимлардир манфаатдор эмас, чоғи…

Биз мавзуга яна қайтамиз.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

P.S. Модомики ҳайдовчиларнинг муаммосини олиб чиқаётган эканмиз, ушбу йўлларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан илтимос қиламиз: ўзингизда мавжуд фактларни, шунингдек, Сирдарё ва бошқа вилоятларда яширинча фуқаролик машиналарида радар кузатуви олиб борилаётган, ЙПХ ходимлари томонидан таъмагирлик қилинган ҳолатлар акс этган аудио, фото ёки видео файлларниТелеграм мессенжеридаги @kunuzreport аккаунтига узатишингизни сўраймиз.

Мавзуга оид