Ўзбекистон | 10:53 / 07.05.2018
12268
2 дақиқада ўқилади

«Матбуотчилар уйи» гаров таъминотидан бекор қилинди, вазиятга Тошкент шаҳри ҳокими аралашди

Фото: ЎзА

Тошкент шаҳридаги “Матбуотчилар уйи” аукциони тўхтатилган. Бу ҳақда ЎзА Тошкент шаҳар ҳокимлигига асосан хабар берди.

Қайд этилишича, “Тошбозорсавдо” уюшмаси “Ўзсаноатқурилиш” банкидан олинган кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди. 

2016 – 2017 йилларда “Ўзсаноатқурилишбанк”дан “Тошбозорсавдо” уюшмаси учун Тошкент шаҳридаги бозорларни реконструкция қилиш учун Тошкент шаҳар ҳокимлиги қарори билан пул маблағи олинган. Гаров таъминоти сифатида эса “Матбуотчилар уйи” кўрсатилган. Орадан бир ярим йил вақт ўтишига қарамасдан уюшма томонидан кредит қарзлари қопланмаган. Оқибатда “Матбуотчилар уйи” Миробод тумани Мажбурий ижро бюроси томонидан аукционга қўйилади.

Тошкент шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчиси мазкур иш ҳужжатлари қайта кўриб чиқилганини маълум қилди. Эндиликда, “Тошбозорсавдо” банкга кредит пулларини ўз ҳисобидан тўлайди. 

“Матбуотчилар уйи” кредит гаров таъминоти сифатида бекор қилинган. “Матбуотчилар уйи” журналистларда, яъни аввалгидек, Тошкент шаҳар ҳокимияти тасарруфида (балансида) қолган. Марказий газеталар бошқа манзилга кўчирилмайди.

Мавзуга оид