Жамият | 15:55 / 09.10.2024
31249
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда инсон аъзолари олди-сотдиси билан шуғулланган талаба жиноий жазога тортилди

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси бўлган 21 ёшли йигит ижтимоий тармоқларда буйрак, жигар ҳамда суяк илигини сотиб олиш ҳақида эълон берган. Унга мурожаат қилган фуқарога битта буйрагини 38 минг долларга сотиб олишини, кўчириб ўтказиш Германияда амалга оширилишини, бунинг учун олдиндан 350 доллар тўлаши кераклигини айтган. Талаба ушбу пулни олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.

Фото: Ben Edwards

Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси Б.А. инсон аъзолари олди-сотдисида айбланиб, жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.

Суд ҳужжатида келтирилишича, 2003 йилда туғилган Б.А. мўмай даромад орттириш мақсадида ижтимоий тармоқларга инсон аъзоларини сотиб олиши ҳақида эълон жойлаштирган. У тарқатган эълонларида буйракни 38 минг, жигарни 43 минг ҳамда суяк илигини 23 минг долларга олишини билдирган.

Ушбу эълондан сўнг унга аъзоларини сотмоқчи бўлганлар алоқага чиқа бошлаган. Жумладан, фуқаро Ж.Р. у билан мулоқотга киришган. Б.А. унга битта буйрагини 38 минг долларга сотиб олишини айтган.

“Шерикларим Германияда. Буйракни кўчириб ўтказиш ўша ерда амалга оширилади. Бунинг учун Германияга боришингиз керак. Сафар учун олдиндан 350 доллар беришингиз керак”, деган талаба фуқарога.

Б.А. 2024 йил 26 апрел куни Шайхонтоҳур тумани ҳудудида Ж.Р.дан келишилган пулни олган вақтида ҳуқуқни муҳоқаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ушланган. Унга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Талаба судда бу ишни пулга муҳтож бўлиб қолгани сабаб қилганини, аслида Германияда ҳеч қандай танишлари йўқлигини, 350 долларни эҳтиёжига ишлатиб, кейин қайтариб бермоқчи бўлганини билдирган. Шунингдек, у акаси, синглиси ва ўзи талаба эканини, барчаси контракт асосида ўқишларини айтиб, суддан ўзига енгиллик беришни сўраган.

Бу иш орқали яхшигина даромад кўриш мумкинлигини эшитгандим. Telegram’даги “буйрак сотиш” гуруҳига кириб, ким буйрагини сотмоқчи бўлса харидор топиб бераман, деган маънода эълон қолдирдим. Орадан тахминан 4-5 кун ўтиб менга бир нечта фуқаро алоқага чиқди. Уларга тана аъзоларини кўчириб ўтказишлари учун Германияга боришлари кераклигини, у ердаги шифохоналарда танишларим борлигини, ўзлари кутиб олган ҳолда барча харажатларини қоплаб беришларини, фақат чипта учун олдиндан 350 доллар тўлашларини айтдим.

Аслида мақсадим пулни қўлга киритиб, кейинчалик иш ўхшамаганини айтган ҳолда қайтариб бериш эди. Германияда ҳеч қандай шифохона ёки тана аъзоларини кўчириб ўтказиш билан шуғулланувчи танишларим йўқ”, деган у суддаги кўрсатмасида.

Суд ҳукми билан Б.А. Жиноят кодекси 25- (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 133-1-моддаси 1-қисмида (инсон аъзоларининг ва (ёки) тўқималарининг олди-сотдиси) назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Мавзуга оид