18:10 / 08.05.2018
8126

Ўзбекистонлик ошпазлар II Евроосиё пазандачилик фестивалида олтин ва кумуш медалларни қўлга киритишди

Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида "Қозон-мангал" II Евроосиё пазандачилик фестивали бўлиб ўтди. Унда ўзбекистонлик ошпазлар олтин ва кумуш медалларни қўлга киритишди. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати шу ҳақида хабар берди.

Фестивалда Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси (ЎОУ)нинг қуйидаги аъзолари қатнашишди:

  • Наргиза Умарова – ЎОУ моҳир ошпази - жамоа капитани;
  • Аҳмад Ҳамдамов - ЎОУ моҳир ошпази;
  • Умринисо Тўлаганова - ЎОУ қандолатчиси;
  • Азимжон Обиджонов ва Муҳиддинхон Мансуров - ЎОУ қошидаги Халқаро ўзбек пазандачилик санъати маркази битирувчилари.

ЎОУ жамоаси профессионаллари Аҳмад Ҳамдамов ва Умринисо Тўлаганова ғалаба учун курашган 12 профессионал жамоа орасида "Қора қути" номинациясида олтин медаль соҳибларига айланишди. Яна бир олтин медаль "Форель" номинациясида моҳир ошпаз Аҳмад Ҳамдамов томонидан қўлга киритилди. Шунингдек у "Этник ошхона" номинациясида ҳам кумуш медалга муносиб кўрилди.

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

ЎОУ моҳир қандолатчиси Умринисо Тўлаганова "Десерт" номинациясида олтин медаль соҳибасига айланди.

ЎОУ қошидаги Халқаро ўзбек пазандачилик санъати маркази битирувчилари Азимжон Обиджонов ва Муҳиддинхон Мансуров эндигина ўқишни битирган бўлишларига қарамай, "Қўй гўштидан тайёрланган таомлар" ҳамда "Ўзган гуручидан тайёрланган палов" номинациясида профессионаллар орасида бронза медалини қўлга киритишди.

"Қозон-мангал" II Евроосиё пазандачилик фестивали ҳакамлар ҳайъати таркибига Ўзбекистон ошпазлар уюшмаси раиси Акбар Умаров ҳам киритилган.

Top