20-асрда СССР иккита нарсаси билан мақтана оларди. Бири космосни ўзлаштириш, иккинчиси қурол-яроғ ва турли ҳарбий техникалар ишлаб чиқариш.

Советлар ҳар икки соҳа учун жуда катта маблағларни аямасдан ишлатишар ва дунёнинг энг илғор давлати бўлган АҚШ билан тенгма-тенг рақобат олиб боришарди.

Охир-оқибат халқ фаровонлигидан кўра ҳарбий соҳада ва космосни ўзлаштиришда дунёда етакчи бўлишга интилган давлат парчаланиб кетди. Бироқ ўша даврларда ишлаб чиқарилган турли ҳарбий техникаларни кўплаб мамлакатлар бугун ҳам ишлатмоқда.

Улардан бири афсонавий Ми-8 вертолётлари ҳисобланади. Вертолётнинг афсонавийлиги унинг мукаммаллиги ёки бошқа афзалликларида эмас. Шунчаки бу вертолётдан жуда кўп – қарийб 20 минг дона (!) ишлаб чиқарилган.

Илк синов нусхаси 1960-йиллар бошида, қолганлари СССР парчаланиб кетгунча ишлаб чиқарилган бу вертолётлар аллақачон муддатини ўтаб бўлган.

Буни сўнгги йилларда бу турдаги вертолётларнинг тез-тез қулаб тушаётгани ҳам исботлаб турибди. Бироқ ҳанузгача ундан дунёнинг кўплаб давлатлари, шу жумладан Ўзбекистон ҳам фойдаланиб келмоқда.

Ми-8 вертолётлари тарихи

Ми-8 вертолётларининг тарихи ўтган асрнинг 60-йиллари бошига бориб тақалади. Ми-8 гача 1950-йиллар биринчи ярмида Ми-1 ва Ми-4, 1957 йилда Ми-6 вертолётлари ишлаб чиқарилганди.

Бу вертолётларни таниқли совет авиаконструктори Михаил Мил лойиҳалаштирган. Шу учун улар Ми деб ном олган. 1960-йилдан бошлаб Михаил Мил янги вертолёт лойиҳаси устида ишлай бошлайди. Бу самолёт Ми-8 деб ном олади.

Ми-8 вертолётининг дастлабкиси 1961 йилда синовдан ўтказилади. Орадан бир ой ўтгач уни Москванинг Тушинск аэродромида ўтказилган авиация парадида давлат раҳбари Никита Хрушчёвга ҳам кўрсатишади.

1964 йилда Ми-8 ҳукумат комиссияси тасдиғидан ўтади ва уни серияли ишлаб чиқаришга рухсат беришади. Вертолётлар асосан Қозондаги авиация бирлашмасида тайёрланган.

Кейинчалик Ми-8 нинг бошқа кўплаб вариантлари ҳам ишлаб чиқарилади. Жумладан, унинг фуқаро авиацияси учун, ҳарбий жанговар ва ҳарбий транспорт турлари тайёрланади. Улар орасида ҳатто санитар вертолётлари ҳам бор эди.

Йўловчи ташиш учун мўлжалланган Ми-8 ларда 28 та ўриндиқ бўлиб, улар 500 км масофагача учиб бора оларди. Ҳарбий транспорт вертолётида 24 та ўриндиқ жойлаштирилган, қолган қисми юк ортишга мўлжалланган эди. Жанговар Ми-8 лар эса турли қуроллар билан жиҳозланади.