Жаҳон | 21:11 / 02.02.2024
18851
5 дақиқада ўқилади

Бишкекдаги ягона ИЭСда портлаш. Шаҳарнинг катта қисми иссиқлик ва электрсиз қолди

2 февралга ўтар кечаси Қирғизистон пойтахти Бишкекдаги ягона иссиқлик ва энергия станциясида портлаш содир бўлди. Бу станция пойтахтликларга иссиқ сув ва электр энергияси етказиб берган. Натижада Қирғизистон пойтахтида иссиқлик ва электр энергияси билан боғлиқ муаммолар юзага келди. Президент Садир Жапаров авария оқибатларини тезда бартараф этиш бўйича кўрсатма берган.

Тармоқда портлаш акс этган видеолар тарқалган. Уларда портлаш жуда кучли бўлганини кўриш мумкин. Дастлабки маълумотларга кўра, авария сабаб Бишкек жанубидаги 60 мингта квартира тун бўйи иссиқ сув ва электр энергиясисиз қолган ёки иссиқлик етказиб бериш пасайтирилган.

Қирғизистон ФВВ вазири Бообек Ажикеев портлаш диверсия оқибатида рўй берган бўлиши мумкинлигини истисно этмаган. У портлашдан аввал чақнаш овози ҳам эшитилганини айтган. Аммо техноген авария оқибатида ҳам шундай овоз чиқиши мумкин.

Ҳодиса оқибатида 5 киши жароҳат олган. ИЭСнинг икки ишчиси 80 фоизгача куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилган, уларнинг аҳволи жуда оғир. Авариядан кейин Қирғизистон бош вазири Оқилбек Жапаров Олмаотага ишчи ташрифини муддатидан аввал якунлаб, Бишкекка қайтган.

Россия бош вазири Михаил Мишустин мамлакат Бишкекдаги авария оқибатларини бартараф этиш учун Қирғизистонга ёрдам беришга тайёрлигини билдирган.

Дарслар тўхтатилди

Маҳаллий вақт билан соат 07:00 да Бишкекдаги барча мактаблар ва болалар ушбу муассасаларда иссиқлик тизими ишламагани сабабли 5 февралгача онлайн таълим шаклига ўтказилгани эълон қилинди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги Бишкек касалхоналарида режалаштирилган барча жарроҳлик амалиётларини бекор қилганини айтган. Авариядан кўп ўтмай касалхоналарга иссиқлик таъминоти қайта уланган, лекин уларда фақат фавқулодда беморларни қабул қилиш белгиланган.

Ёнғин катталигидан қирғизистонлик ўт ўчирувчилар алангани бартараф этиш учун икки соат ҳаракат қилган.

Ҳаво – 9 даражага тушади

1 миллионга яқин одам яшайдиган Бишкекда авария содир бўлган тунда қор ёғган ва ҳаво ҳарорати –7 даражагача тушган. 2 феврал куни эса ҳаво ҳарорати –9 даражагача тушиши кутилмоқда. Ҳафта охиригача совуқ ҳарорат кузатилиши вазиятни жиддийлаштирмоқда. Мутасаддилар авария оқибатлари тўлиқ бартараф этилиши учун камида 2-3 кун, тизим одатий режимга қайтиши учун эса бир ҳафтагача вақт талаб қилинишини айтган. Ҳозир Бишкекнинг катта қисмида иссиқлик таъминоти узилган.

Эрталаб станциядаги иккита қозон ишга тушгани, кечга бориб яна тўртта қозон фаолияти тикланиши айтилганди. Иссиқлик узатиш даражаси 50 даражагача оширилган. Батареялардаги ҳарорат пасайгани сабаб тармоқ юкламага бардош бера олиши учун электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми оширилган.

Декабрда таъмирланган қозонхона

Оқилбек Жапаров ва Садир Жапаров (марказда) ИЭС ҳудудида. Фото: Қирғизистон президенти матбуот хизмати

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев портлашга диверсия сабаб бўлгани вариантини ўрганиш бўйича кўрсатма берган. Қирғизистон энергетика вазири ўринбосари Насипбек Каримовнинг сўзларига кўра, авария содир бўлгани айтилган қозонхона декабр ойида таъмирланган ва 31 декабр куни ишга туширилган. Қозонхона 1970-йилларда фойдаланишга топширилганди.

Кун ярмида президент Садир Жапаров авария содир бўлган станцияга бориб, вазият билан танишди. Жапаров воқеа жойида журналистлар саволларига жавоб берди ва Бишкек иссиқлик ва электр станцияси тўлиқ модернизация қилинишини айтди. «Бунга катта пул керак, лекин бошқа илож йўқ», деган президент. Унинг сўзларига кўра, станция 1961 йилда фойдаланишга топширилган.

Бишкекликларга иссиқлик энергияси учун амалга оширилган тўловлар аварияни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши айтилди. Шунингдек, мамлакат антимонополия хизмати иситгичлар, кўмир каби иситиш маҳсулотлари нархи оширилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида баёнот берди. Маҳаллий ҳукумат топшириғи билан Бишкекдаги 500 дан ортиқ ёлғиз яшайдиган қариялар ҳолидан хабар олиниб, тегишли ёрдам берилган. Иссиқлик таъминотидан узилмаган бишкекликлардан эса иссиқ сувни тежаш сўралган.

Электрон тўхтатгичлар («предохранител») қозонхонани сақлаб қолган

Кечга бориб портлаш ҳақида аниқроқ тафсилотлар пайдо бўлди. ФВВ вазири Ажикеевга кўра дастлабки маълумотларда айтилганидек, станциядаги 14-қозонхона портламаган. «Биз қозонхона портлаган деб ўйлагандик, лекин уларнинг барчаси бутун турибди. Биздаги маълумотларга кўра, электрон тўхтатгичлар («предохранител») ишлаб, қозонхоналарни сақлаб қолган. Уларнинг ҳаммаси тоза, ёриқ ёки парчаланиш кузатилмаган», деган вазир.

Ажикеевга кўра, портлаш сабаби газ ёки кўмир чанги йиғилиши бўлиши мумкин. Катта эҳтимол портлаш айнан шахталардан бирида содир бўлган.

Ҳозирда иссиқлик ва электр станциясидаги қозонхоналарда яна буғ чиқа бошлаган. Бу станция фаолияти тикланганидан далолат бўлиши мумкин. Расмий маълумотга кўра, айни дамда 4 та қозонхона ишлаб, яна иккита қозонхона ишга туширилиши кутилмоқда. Станциядан чиқаётган иссиқлик +44 даражагача кўтарилган. Қирғизистон энергетика вазирлиги Маҳаллий вақт билан соат 22:00 га бориб иссиқлик узатиш тикланишини хабар қилган.

Мавзуга оид