18:54 / 08.05.2018
9826

Жиззахда барча қулайликларга эга вилоят перинатал маркази ишга тушди

8 май куни Жиззах шаҳрида қайта таъмирланиб, барча қулайликларга эга бўлган вилоят перинатал маркази биноси фойдаланишга топширилади. 

Мазкур бино 1992 йилда “Вилоят Оналик ва болаликни мухофаза килиш маркази” сифатида қурилиб ишга туширилган эди. Ўша даврда марказ 125 ўринга мўлжалланган бўлиб, унда 30 нафар шифокор, 125 нафар ўрта тиббиёт ходими  фаолият кўрсатиб келаётганди. 

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги
Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Аҳолига ихтисослаштирилган тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини яхшилаш ва ходимларга қулайликлар яратиш мақсадида  2017 йилда марказнинг туғруқ комплекси биносида капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш учун 4 млрд 300 млн сўмлик смета харажатлари тайёрланиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари дастур доирасида «Агростандарт Плюс» МЧЖ томонидан бажарилди.

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Марказнинг туғруқ комплексида таъмирлаш ишлари ниҳоясига етиши арафасида вилоят ҳокимлиги муассасани қўшимча 500 млн сўмлик тиббий жиҳозлар ва 400 млн сўмлик  замонавий тиббий қурилмалар  билан таъминлади.   

2018 йилда марказнинг қолган биноларида ҳам капитал таъмирлаш ва реконструкция ишларини  олиб бориш учун 7 млрд 800 млн сўмлик смета харажатлари тайёрланиб, яқин кунлар ичида шу йўналишдаги ишлар бошланиши кўзда тутилмоқда.

Фото: Жиззах вилоят ҳокимлиги

Мазкур марказ вилоят аҳолисига ихтисослаштирилган  акушерлик-гинекология ва перинатал хизматларни кўрсатади, у йилига 25 минг нафардан зиёд аҳолига стационар ва амбулатор хизмат кўрсатиш имкониятига эга. 

Марказ вилоятдаги энг оғир беморларга ва чақалоқларга ҳам ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишга мўлжалланган. Ушбу марказ томонидан йилига 8 мингдан зиёд туғруқлар амалга оширилади, 1 200 нафардан зиёд кам вазнда туғилган чақалоқларга тиббий хизмат кўрсатилади хамда 3 мингдан зиёд мураккаб акушерлик-гинекология операциялари ўтказилади. 

Top