23:09 / 11.05.2018
8365

Ҳокимларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш ва 4 майни ННТ эркинлиги куни дея эълон қилиш таклиф этилди

Нодавлат нотижорат ташкилотлар уйларида нафақат ННТ вакилларини, балки давлат идоралари вакилларини ҳам ўқитиш зарур. KUN.UZ мухбири 11 май куни Халқаро Пресс-клубнинг "Нодавлат нотижорат ташкилотлар: Муаммоларнинг чуқур таҳлили, ислоҳотларнинг янги босқичи ва янги имкониятлар майдони" мавзуидаги сессияси доирасида маҳаллий ННТ вакилларининг сўзларига асосланиб, шу ҳақида маълум қилди.

"Вилоятлардаги нодавлат нотижорат ташкилотлар уйларида фақат ННТ вакилларинигина эмас, балки қонунчиликни яхши билмаган давлат идоралари вакилларини ҳам жалб қилиб, ўқув курсларини ташкил қилиш зарур. Маслаҳат кенгаши мунтазам равишда муаммоларни кўтариб чиқади, чунки унинг вазифаси - мунтазам равишда ахборот етказиш, муаммоларни президентга тақдим этиб бориш, бу эса ўзига хос масъулият юклайди. Кенгаш аъзолари фақат ўзлари эмас, балки имкон қадар барча ННТни жалб қилган ҳолда муҳокамалар ўтказиши лозим. Кенгаш аъзолари сафида нафақат нодавлат нотижорат ташкилотлар, балки вазирлик идоралари, ҳукумат аъзолари ва президент давлат маслаҳатчиларидан иборат таркиб бу муаммоларни кўрсата олишимиз ва энг асосийси, уларнинг ҳал қилинишига эришишга кўпроқ имкон яратишимиз керак", - дейди "Тараққиёт стратегияси" маркази директори Акмал Бурхонов.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

Экспертнинг бу сўзларини Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева ҳам қўллаб-қувватлаб қуйидаги таклифларини баён этди:

Фото: Халқаро Пресс-клуб

"Бизнинг институт экспертлари таклифидан келиб чиқиб, нафақат нодавлат нотижорат ташкилотлари, балки ҳокимларни ҳам нодавлат нотижорат ташкилотларга бўлган муносабатларини ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш учун ўқитиш керак. Зеро ННТ нима эканини яхши билмаслик, ҳокимлар томонидан бундай ташкилотларга нотўғри муносабат қилиниши қонунни билмасликдандир. Маслаҳат кенгаши ҳокимларни ўқитиш ва уларнинг ННТларга муносабатини ўзгартиришда ўз ҳиссасини қўшади".

Таъкидлаш жоизки, бугун ўтган ННТ вакиллари учрашуви бу йўналишда фаолият юритувчи кўплаб ходимларни бир майдонга тўплади. Улар Президентнинг "Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони улар учун ўзига хос байрам бўлгани, бу келгусида нодавлат нотижорат ташкилотлар ривожи учун хизмат қилишини таъкидлашди.

Фото: Халқаро Пресс-клуб

"Мен мазкур фармонни Ўзбекистондаги тарихий қадам деган бўлардим, - дея фикр билдиради "Минтақавий мулоқот" халқаро ташкилоти раҳбари Мьюша Север. - Маслаҳат кенгаши олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳукумат билан қандай мулоқот қилишдадир. Ўз ўрнида, ҳукумат ҳам ННТлар билан қандай мулоқот қилишни ўрганишлари муҳим. Ўйлашимча, бугунги дастлабки бундай мулоқот катта аҳамиятга эга ва келгусида бундай муҳокамалар тез-тез бўлиб туради. Барча касб эгаларининг ўз байрамлари, кунлари бор. Шундай экан, нима учун биз Қонунчилик ҳукумати ва Президент маъмуриятига 4 май (фармон имзоланган кун)ни ННТ мустақиллиги, эркинлиги куни деб эълон қилиш таклифини бермаслигимиз керак?! Шу билан бирга, ахборот-коммуникацион технологиялар ривожини ҳам қайд этиш керак. Бу фақат Ўзбекистонда эмас, балки бутун дунёда кузатилмоқда. Айни дамда Ўзбекистон буни тушунаётгани ва бу йўналишда ишлар олиб бораётгани жуда муҳим".

Top