01:03 / 11.05.2018
9683

“Ўзбекчармсаноат” уюшмаси раисининг очиқ мулоқоти

Жорий йилнинг 3 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев  «Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги  қарорга имзо чекди.  Айтиш керакки, мазкур қарор соҳа вакиллари томонидан илиқ кутиб олинди. Айниқса, қарорда белгиланган имкониятлар ва имтиёзлар тадбиркорларнинг кайфиятини чандон кўтариб юборди. Янги қарорга кўра, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси эндиликда “Ўзбекчармсаноат” уюшмасига айлантирилди.

Наманган шаҳрида “Ўзбекчармсаноат” уюшмаси раиси Сардор Умрзоқов Андижон ,Фарғона ва Наманган вилоятларидаги соҳа тадбиркорлари билан очик мулоқот ўтказди. Бундан кўзланган мақсад қарор мазмун-моҳиятини тушунтириш ҳамда тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, уларга амалий ёрдам бериш. KUN.UZ мухбири мазкур мулоқотда иштирок этди. Даставвал, “Ўзбекчармсаноат” уюшмаси раиси  Президент қарорига изоҳ берди.

“Янги тизим жорий бўлмоқда. Биз янги тизимда қандай ишлаб кетамиз? Қонуннинг тўртинчи бандига катта янгилик киритилган. Бу бизнинг жуда катта ютуғимиз, жуда катта нарсага эришдик. 1 июндан бошлаб чарм сотувчидан кредит олиш учун ҳужжатлар талаб қилиб олишимиз бекор қилинди. Очиқ гаплашадиган бўлсак, шу талаблар туфайли, мавжуд хомашёнинг учдан бир қисми “йўқ бўлиб” қоларди. Сирдарё вилоятига давлатимиз раҳбари ташриф буюрганда, бизга топшириқ бергандилар. Эндиликда шу асосда янги концепция ишлаб чиқмоқдамиз.”

Самимий мулоқот тарзида кечган суҳбатда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларга атрофлича тўхталиб ўтилди. Муаммолар ечими бўйича уюшма раиси мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди. 

Мулоқот чоғида “Ўзбекчармсаноат” уюшмаси раиси  очиқ мулоқотлар бундан буён мунтазам ташкил этилишини, муаммоларга жойида ечим топилишини, янги ғоя ва таклифлар бўйича фикр алмашиб туришини таъкидлади. 

“Мана шу қарорда назарда тутилган масалалар, жумладан, корхоналарни кўллаб-қувватлаш мақсадида  солиқ имтиёзлари, божхона имтиёзлари ҳақида “Ўзбекчармсаноат” уюшмаси раҳбари томонидан тушунтириш берилди. Қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди. У ерда назарда тутилган солиқ имтиёзларини оладиган бўлсак, кичик корхоналар 2023 йилгача солиқлардан озод қилинди. Экспорт масаласидаги тадбиркорларнинг  муаммолари эшитилди.” – дея таъкидлади уюшма бошқарма бошлиғи Мирсаид Зоҳидов.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, бугун Президент Шавкат Мирзиёев ҳар бир соҳа ривожи учун катта ислоҳотларни бошлаган. Уларнинг самараси эса одамлар ҳаётида акс этади, деб умид қиламиз!

Top