Жаҳон | 22:48 / 12.05.2018
32118
7 дақиқада ўқилади

Америка орзуси ўзбекистонликлар нигоҳида

Фото: Шерзод Қудратхўжаев

​Американинг буюк Президенти Жорж Вашингтон шарафига номланган шаҳар аҳоли сони бўйича АКШда 27 ўринда туради. АҚШга парвоз вақтида Вашингтон анча салқин бўлса керак, деб ўйлаган эдик. Лекин бизни илк ҳайратлантирган нарса Вашингтондаги офтоб бўлди. Қуёш тафти тўппа-тўғри манглайни қиздириш даражасида уриб турибди. Ҳаво иссиқ. Бамисоли ўзимизнинг чилла офтобига ухшайди. Офтобдан кейин бирпасда ёмғир қуяди, худдики шакароб сув сепган каби. Шунинг учун дарахтлар ўт-ўланлар ям-яшил. Кўчаларда чанг деярли йўқ.

АҚШнинг машҳур Нью-Йорк ва Вашингтон шаҳарлари бир биридан фарқ қилади. Нью-Йорк океанга яқин, шунинг учун намлик юқори, автомобиллар кўп ва тирбанд бўлишига қарамай, зерикмайсиз. Шунингдек, у осмонўпар иморатлар шаҳри ҳам. Ва анчайин шовқин. Бинолар зич ва шаҳар тирбанд. Вашингтон эса бирмунча шинам ва сокин шаҳар. Лекин бу ерда ҳам ҳаёт тарзи шиддатли. Шундай бўлса-да Нью-Йоркка нисбатан ўзингизни бироз енгил сезасиз. Хавоси енгил, шабада эсиб туради. Барча идора ва дўконлар, умуман ҳамма бинолар атрофида гуллар экилган. Барча ташкилотлар, айниқса бизнес сектордагилар “мижоз чақирувчи” дизайнерларни ишга олиш урфга кирган. Албатта, Вашингтондан кутганим осмонўпар бинолар эди. Аммо, бу шаҳарда улар жуда кам экан. Вашингтон атрофида асосан 2 ва 3 қаватли иморатларни учратасиз. Улар ёғоч ва пластик каби енгил қурилиш материалларидан барпо қилинган.

Америкада энг катта муаммо – автотураргоҳ (парковкалар)нинг етишмаслиги. Бу муаммога сафаримизнинг илк кунларидаёқ биз ҳам дуч келдик. Катта кўчада турган эдик, ҳайдовчимизга 50 доллар жарима белгиланди. Полиция ходими худди кинолардагидек чек ёзиб берди, биз учун ноодатий ҳолат ҳеч ким қўл силтамади ва баҳслашмади хам. Бинолар атрофидаги паркинг хизмати 10 доллардан 25 долларгача.

Фото: Шерзод Қудратхўжаев

Америка – орзулар мамлакати....

Орзу - америкаликлар учун энг муҳим тушунча. Ва бу оддий ҳиссиёт эмас, балки мамлакатда қадриятга айланган . Улар биз каби “Орзуга айб йўқ” дейишмайди. Улар орзуга ишонишади. Америкада машҳур актёр ёки миллиардер, ҳатто президент бўлиш ҳам оддий орзу. Фақат бошқа халқлардан фарқи- улар ўз орзулари учун курашадилар, шу ғоя учун жонларини фидо қиладилар.

Америка – эмигрантлар мамлакати ҳам. Унинг қудрати ҳам шунда. Хизмат кўрсатиш соҳасида Эфиопия, Гана, Украина, Тунис ва Африка мамлакатлари фуқароларини кўп учратасиз. Лекин ҳамма бир хилда - хушмуомала ва сертакаллуф. Миллати ва эътиқодидан қатъий назар ҳамма муомала борасида, гуёки бир хил қиёфали инсонларга ўхшайди. Бу ерда жуда кўп нарсани табассум ва очиқдан-очиқ хушомад ҳал қилади.

Ва албатта тартиб-интизом. Айниқса ишда. Чунки Америкада иш жойини йўқотиш ҳаётда ҳамма нарсани йўқотиш билан баробар. Кредитга уй ва машина олганлар иш жойини йўқотишдан,айниқса, кўпроқ қўрқишади. Шунинг учун ҳам бу ерда одамлар ўз ишини имкон қадар виждонан ва тартибли бажаради. Ишсиз қолиш бу мамлакатда фожиа билан тенг. Америкаликлар ҳамма ишни аниқ қоида билан бажаради. Масалан, юк ташувчи бўлса, албатта қўлқоп кийиб ишлайди. Қулай ишчи кийимида, яъни коржомада. Оёғида шиппак кийиб ишламайди. Умуман ҳар бир касбни ўзининг махсус кийими бор. Тартиб мана шу кийинишдан бошланади. Меҳнат хавфсизлигига қатъий амал қилиш - ёзилмаган қоидалардан бири. Уни ҳеч ким бузмайди. Бизни транспортда олиб юрган тунислик Ҳабиб ҳам доимо оқ кўйлак ва галстукда. Микроавтобус тўхтаганда ҳар сафар машинани орқасидан ўтиб, эшикни очади ва ўтирганимизда ёпади.. Эринмайди, ғўдаймайди, "Мерседес ҳайдаяпман-ку", демайди. Бу ерда ҳамма ўз ишини севиб бажаришга ҳаракат қилади.

Фото: Шерзод Қудратхўжаев

Америка қудрати.......

Кўпчилик Америка қудратини ҳарбий ёки сиёсий салоҳият билан баҳолайди. Лекин, бугун бундай салоҳиятга бошқа мамлакатлар ҳам эга. Мен эса Америка қудратини унинг халқига хос бўлган жуда кучли ишончда кўрдим. Америкаликлар Американи дунёда энг қудратли ва адолатли давлат, деб ишонишади. Менга бу ерда мамлакатни сиёсатчилар эмас, балки америка халқининг ўзи бошқараётгандек туюлди. Ва бу ҳақиқатга анча яқин. Америка халқи жуда кўп йиллар давомида муаммоларга осон ечим топиш йўлини қидирди. Кучли сиёсатчилар эса халқнинг бу орзусини ҳақиқатга айлантира олди. Бу ерда муаммолар бор, аммо унинг ечимлари ҳам оддий. Америкада “Ҳаёт мураккаб, лекин унда яшашнинг жуда оддий йўллари бор”деган тушунча устувор. Бунга эришишнинг ягона йўли – бу меҳнат ва уддабуронлик.

Халқнинг сиёсий иродаси ва танлови ҳақида гапирганда албатта америкаликларнинг ўзига хос анъанасини эсламасликнинг иложи йўқ. Йиллар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъана – бу Америкада халқнинг сайловларда ё демократлар ёки республикачиларга овоз беришидир. Америкада Конгрессдаги жой учун кураш адолатли ва барча штатлар учун тенг. Шунинг учун бу ерда “Энг обрўли ва нуфузли конгрессменлар Нью-Йорк ва Вашингтондан бўлса керак” деганлар янглишади. Катта ва кичик штатларнинг фарқи фақат ўлчамида, холос. У ердан сайланган конгрессменлар ҳам жиддий об-ҳаво қила оладилар. Сиёсий кураш ва обрў қозониш мақсадини мақола аввалида айтганимиздек, орзуларга қаттиқ ишониш, меҳнат ва уддабуронлик фазилати ҳал қилади.

Фото: Шерзод Қудратхўжаев

Яна бир муҳим жиҳати америкаликлар Художўй, бекорга "In God we trust" (Худога биз ишонамиз) уларнинг миллий ғоясига айланмаган..

Очиғи, Америкада менга халқимизнинг севимли шоири Абдулла Ориповнинг машҳур шеъридаги сатрлар ҳамроҳлик қилмоқда десам муболаға бўлмайди .

“... Америка сеҳрли диёр, ухлар эди Колумб ҳам ҳали.

Денгиз ортин ёритди илк бор, Берунийнинг ақл машъали...”,

Америкада сафаримиз давом этмокда. Янги таассуротлар билан албатта бўлишамиз.

Шерзод Қудратхўжаев

Мавзуга оид