1917 йилда содир бўлган Октябр тўнтаришидан кейин Россияда сўнг СССРда мислсиз қатағонлар бошланиб кетган бўлса-да, бу давлат ташқи дунёга ўзини адолатпарвар ва халқчил қилиб кўрсатарди.

Шу сабабли 1920-йиллардан бошлаб дунёнинг кўплаб давлатларида коммунистик партиялар тузилади. Бу партияларга СССРдаги мислсиз қатағонлардан бехабар инсонлар аъзо бўла бошлайди.

Улар коммунистлар томонидан ўтказилаётган «қизил террор» ва бошқа қатағонлар ҳақида эшитмаган, «советлар юрти»да бойлар ва ўртаҳолларнинг мулклари тортиб олинганини билмас, ҳамма тенг, барча нарса халққа берилган деб ўйларди.

Аслида эса вазият тамоман бошқача, ўтмиши шубҳали бўлган бир гуруҳ шахслар СССРда ҳокимиятни эгаллаб олиб, одамларни мислсиз қатағон қилмоқда эди. АҚШ коммунистик партияси ҳам ўша талатўп замонларда, 1919 йилда тузилганди.

Википедия маълумотларига кўра, 1930-йилларда АҚШ коммунистик партиясининг 30 минг аъзоси бўлган. 1939 йилга келиб уларнинг сони 100 минггача кўпайган.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг уларнинг сони кескин камайган ва 1950-йиллар ўрталарида бор-йўғи 10 минг нафар қолган. 2017 йил маълумотларига кўра ҳозирда АҚШ коммунистик партиясининг 5 минг аъзоси бор.

Ўтган асрнинг 60-йилларида айрим америкаликлар коммунистик партия таъсирига тушар экан, улар Кубага борганда Фидел Кастро қандай қилиб ҳаммани йўқсилга айлантирганини кўришса ҳам ўз маслакларидан қайтишмасди.

Ана шундай инсонлардан бири америкалик биолог олим Арнолд Локшин ва унинг хотини Лорен Локшин эди. Улар коммунистик ғояларга шунчалик содиқ эдики, охир-оқибат эр-хотин фарзандлари билан СССРга қочиб келади.

Локшинлар оиласи Москвада
www.yaplakal.com

Коммунистлар оиласи

Арнолд Локшин 1939 йилда Сан-Францискода туғилган. 1960 йилда Берклидаги Калифорния университетини тугатган. Сўнг Мадисондаги Висконсин университетида аспирант бўлган. 1965 йилда биохимия бўйича докторлик диссертациясини ёқлаган.

Кейинроқ Ҳарвард университетига ишга ўтган ва у ерда талабаларга биохимиядан дарс берган.

Арнолд Америкада Янги сўллар деб аталган коммунистик ва социал-демократик қарашларга эга ҳаракат аъзоси бўлган. 1960 йилда у АҚШ коммунистик партиясига аъзо бўлади ва Кубага бориб келади.