13:09 / 15.05.2018
73682

Марғилондаги меҳрибонлик уйи иши: улар ўта оғир жиноятлар билан айбланмоқда

Фото: Fotolia

Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида содир этилган қилмишлар бугунги кунда барчани қизиқтириши табиий, албатта.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг раиси Муроджон Мирзажоновнинг Kun.uz'га маълум қилишича, мазкур жиноят ишида судланувчилар вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. 

Хабар қилинишича, Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди айни пайтда меҳрибонлик уйининг собиқ директори К.Якубов, бош ҳисобчи А.Муйдинова ва ҳисобчи А.Саидкамолова, директор ўринбосари С.Усмонов, фельдшер И.Йўлдашев, тарбиячи Х.Якубова, Р.Абдуфаттоев ва Н.Солиева, энага Д.Джурабаева ва Х.Тўраевга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқмоқда.

Мазкур жиноят ишига кўра, юқоридаги шахслар тегишлича Жиноят кодексининг 205-моддаси (мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш), 167-моддаси (ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш) 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги), 115-моддаси (аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш) 127-моддаси (вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш) 110-моддаси (вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш), 128-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 129-моддаси (ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) жиноятларини содир этганликда айбланган. 

Судланувчилар К.Якубов, С.Усмонов, И.Йўлдашев ва Р.Абдуфаттоевларга нисбатан “қамоқ”, Х.Якубова, Н.Солиева, Д.Джурабаева ва Х.Тўраевларга нисбатан “уй қамоғи”, А.Мўйдинов ва А.Саикамоловаларга нисбатан “гаров” эҳтиёт чораси қўлланилган.
  
Жиноят ишини суд мажлисида кўриш бошланиб, ҳозирги кунда суд тергови давом этмоқда ва судланувчиларнинг кўрсатувлари тингланмоқда.

Кейинги суд мажлиси жабрланувчиларнинг кўрсатувларини эшитиш билан давом эттирилади.

Келгусида суд мажлисида тўпланган далиллар атрофлича ўрганилиб, ишнинг ҳар бир ҳолатига ва судланувчиларнинг ҳаракатларига  ҳуқуқий баҳо берилиб, суд томонидан қонуний, адолатли ва асосли қарор қабул қилинади.

Top