Ўзбекистон | 12:08 / 19.03.2026
2958
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоят суди нишонлик фермернинг мурожаати юзасидан изоҳ берди

“Бобур” фермер хўжалигининг даъволари рад этилишига сабаблар маълум қилинди.

Фото: Kun.uz

Қашқадарё вилояти судлари Нишон туманидаги “Бобур” фермер хўжалиги раҳбари Баҳодир Қўлдошевнинг Kun.uz'да ёритилган мурожаати юзасидан расмий муносабат эълон қилди.

Унда айтилишича, судлар томонидан “Бобур” фермер хўжалигининг ариза талабини рад этишда қуйидаги ҳолатлар сабаб бўлган:

  • “Бобур” фермер хўжалиги томонидан низолашилаётган 86-контурдаги 36,09 гектар ер майдонлари унинг номига давлат рўйхатидан ўтказилмаган ва низоли ер майдонига нисбатан унинг ҳуқуқи вужудга келмаган.
  • “Бобур” фермер хўжалиги томонидан ер майдонига бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ер ижара шартномаси судга тақдим этилмаган.
  • Халқ депутатлар Нишон туман Кенгашининг 2019 йил 18 майдаги қарори билан ер участкаси туман заҳирасига қайтарилган ва ушбу қарор аризачи томонидан низолашилмаган.
  • “Бобур” фермер хўжалиги томонидан Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 186-моддасида белгиланган судга мурожаат қилиш муддатини узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборган.

Қайд этилишича, Қашқадарё вилоят Фермерлар кенгашининг 2026 йил 2 март куни тафтиш тартибидаги шикояти Қашқадарё вилояти маъмурий судининг 5 мартдаги ажримига биноан қайтарилган, бунга эса шикоят Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда белгиланган муддат ўтганидан кейин берилгани ва ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисида илтимоснома мавжуд эмаслиги сабаб бўлган.

“Ерга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтганидан сўнг вужудга келади ва шундагина мавжуд бўлган ҳуқуқ қонун билан ҳимоя қилинади.

Бугунги кунда эса, мазкур ер участкасидан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказган ҳолда бир неча йилдан буён бошқа бир тадбиркор унумли фойдаланиб келмоқда”, – дейилади Қашқадарё вилояти судлари баёнотида.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид