17:09 / 16.05.2018
108503

Оролга фотосаёҳат: Биргина жонзот яшаётган денгиз

Орол денгизи бир неча миллионлаб йиллар аввал Каспий денгизи ва Қора денгиз билан биргаликда қўшилган, дунё океанининг бир қисми бўлганидан хабарингиз борми?

Устюрт платоси ҳам ўша қадимий денгизнинг туби бўлган. Кейинчалик ер қобиғидаги тектоник ўзгаришлар натижасида кўтарилиб, Орол ва Каспий денгизлари ўртасида тўсиқ бўлган. Буни бугунги кунда Устюрт платоси чинкларида намоён бўлаётган қатламлар ва турли ётқизиқлар таркибидаги бўр, гипс қатламлари исботлаб турибди. Уларнинг орасидан қадимий денгиз чиғаноқлари, ҳаттоки, миллионлаб йиллар аввал бу ерларда истиқомат қилган акулаларнинг тиш қолдиқлари топилмоқда.

Умуман, Орол денгизи қадимда ҳам қуриб турган. Чунки денгиздан сув қочгач, бу жойдан қадимий манзилгоҳлар топилгани қадимда ҳам Оролнинг қуригани, унинг ўрнида одамлар яшаганидан далолат бериб турибди.

Устюрт платоси қатламларидан эса бугунги кунда сифатли гипс, оҳак, сода каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Орол денгизи ёқасидаги чинк қоялари бўйлаб йўл босар экансиз, йўлингизда қадимий қабристонлар учраб туради. Уларнинг аксарияти эрамиздан аввалги IV-II асрларга тегишли. Қабртошлардаги қадимий ёзувлар ҳам бундан далолат бериб турибди. Октябр Дўспановнинг айтишича, ушбу мангу қўнимгоҳларнинг ҳар бири ўрганиб чиқилган. Айримларида қазилма ишлари ҳам олиб борилган.

Биз Орол денгизининг Оқтумшуқ бурнига яқин жойлашган қисмига етиб борганимизда қуёш уфққа бош қўяётган эди. Эсласангиз, Орол денгизи бўйида 2017 йилда иккита сайёҳлик мажмуаси ташкил қилингани ҳақида хабар берилган эди. Экспедициямиз гуруҳи Tazabay Grand Service компанияси томонидан ташкил қилинган мажмуада жойлашди.

Оролни узоқдан кузатиш имкони бўлмади. Ҳаво булутли эди, тепаликдан тушиб, чанг ва туз кўтарилмаслиги учун сунъий бунёд этилаётган саксовулзорлар ҳамда сарғайиб қолган шувоқзорлар оралаб, қирғоғигача борибгина жафокаш денгизимизни кўрдик. Қолаверса, кун бўйи эсган шамол Устюрт платосидан чанг-тўзонни кўтариб, атрофнинг кўриниш даражасини анча пасайтириб юборган ҳам эди.

Денгизга яқинлашар эканмиз, бир пайтлар унинг туби бўлган қумлоқ ерларда туз бўй кўрсатиб турарди. Ҳаво эса бир оз дим бўлиб, денгизда сокинлик ҳукмрон эди.

Булутлар орасидан камалак бўй кўрсатди ва буни денгиз бизни хуш кайфият билан қаршилаганига йўйдик.

Октябр Дўспановнинг денгиз соҳилида туриб ҳикоя қилиб беришича, Орол денгизи қуримасдан аввал суви чучук бўлган. Унинг ҳар литрида тузнинг миқдори 10–12 граммни ташкил этган.

Бу ерда балиқнинг 60дан зиёд тури учрагани, уларнинг 40дан зиёд тури овланганидан бугунги кунда кўпчиликнинг хабари бўлмаса керак.

Айни пайтда денгиз дунёдаги энг шўр кўллардан бири ҳисобланади. Сувнинг таркибида тузнинг миқдори литрига 160 граммгача етмоқда.

Денгизда шўрлашиш даражасининг ортиши оқибатида унинг сувида фақат битта жонзот яшаб қолди. У — артемиядир. Артемия ҳамон мутацияга учрамай, 100 миллион йиллардан буён ўзгаришсиз келаётган оддий организмлардан бири.

Артемиялар ер юзида асосан хлорли, сульфатли, карбонатли, ҳар литрида 300 граммгача тузи бор шўр сувда учрайди. Улар сув ўтлари, бактериялар билан озиқланади. Орол денгизидаги артемиялар асосан урғочи, лекин улар ўз-ўзидан кўпайиш хусусиятига эга.

Мамлакатда Орол денгизидан артемия цисталарини йиғиб олиб сотиш билан шуғулланадиган 10дан ортиқ фирма ва корхона мавжуд. Уларни балиқчилик билан шуғулланувчи қатор давлатлар тоннасини 30 минг долларга сотиб олмоқда. Ўзбекистондаги балиқчилик хўжаликлари ҳам албатта фойдаланади. Орол денгизи қирғоқларида артемияни йиғувчи сунъий кўлмакларга дуч келишингиз мумкин.

«Артемия цисталарини соф тарзда олиб бўлмайди. Дастлаб денгизда қалқиб турган қизил тусли биомасса йиғиб олинади. У ҳали тўлиқ кўпайиб улгурмагани учун фақат денгиз четидан йиғиб олинади. Цисталарнинг ўртача диаметри 235,5 микромиллиметр. Уни фақат микроскоп ёрдамида кўриш мумкин. Артемия цисталари йиғиб олингандан кейин махсус тайёрланган ҳовузга сув қуйилиб, белгиланган ҳароратда личинкалар пайдо қилинади. Бу балиқ личинкалари учун жуда зарур озуқадир.

Оддий омихталар билан боқилган балиқ личинкаларининг 50 фоизи тирик қолиб ўсадиган бўлса, артемия личинкалари билан озиқланган балиқ личинкаларининг 90 фоиздан кўпроғи ҳеч қандай касалликсиз ривожланади», деб ёзганди ЎзА.

Қайд этиш жоизки, Ғарбий Оролга бугунги кунда ёмғир ва қор сувидан бошқа сув тушмайди. Сирдарё келиб қуйилувчи Шимолий Оролга Қозоғистон ҳудудида тўғон қурилиб, у деярли тўлиб турибди.

«Қозоғистонда Оролнинг ушбу қисми тўлиб турганининг бир неча фойдали жиҳатлари ҳам йўқ эмас, — деди Октябр Дўспанов. — Аввало, бу сув очиб юборилганида унинг аксарият қисми Катта Оролга етиб бормасдан барибир қумга сингиб, буғланиб кетарди. Иккинчидан, Оролнинг ушбу қисмининг тўла туриши қандайдир йўл билан Қорақалпоғистонга Сибир томонлардан ёпирилувчи чангли тўзонни қайтариб турибди».

Қош қорайиб қолди. Биз Орол соҳилидан истамайгина, эрталаб яна бир бор келишни кўнгилга тугиб, тунайдиган лагеримизга қайтдик.

Ҳеч қанақа электр энергияси, интернетсиз бир муҳитда яшадик. Кечки овқатдан сўнг гулхан ёнида тўпландик. Октябр Дўспанов Орол ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди, узун ҳикояларини бошлади. Саволларимизга жавоб берди.

Орол сатҳининг пасайишига кўпчилик Амударё ва Сирдарё сувларининг қишлоқ хўжалигига, янги ўзлаштирилган ерларни суғоришга интенсив жалб қилиниши оқибати деб тушуниб келади. Бунда ҳам қайсидир маънода жон бор. О.Дўспановнинг айтишича, бугунги кунда Амударё ва Сирдарё бўйида 300дан зиёд сув омборлар, каналлар қурилган. Уларнинг барчасида ҳам сувдан оқилона фойдаланиляпти, деб бўлмайди.

Яна бир тасдиқланмаган фактга кўра, Орол сувининг шиддат билан пасайишига қандайдир сунъий портлатиш ёки унинг тубидаги ёрилиш ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин экан. Лекин ҳозирча буни далилловчи бирор факт топилмаган. Орол денгизи сатҳи Каспий денгизидан 68 метр баландроқда жойлашган ва ўтган йиллар ичида Орол сувининг камайиши ҳамоно Каспийдаги сув сатҳининг ортиб бориши кузатилган, гарчи Каспийга қуйилаётган ўзанлардаги сув миқдорида ортиш кузатилмаган бўлса ҳам.

Орол бўйларида яшовчи жонзотлардан яна бири сайғоқлардир. Кийикдошлар гуруҳига мансуб бу жонзот ёзнинг иссиқ кунларида шимолга — иқлими бироз салқин Қозоғистонга йўл олар экан. Қишда эса оролбўйларига келиб озиқаланади. Йиллар бўйи шундай бўлган.

Бироқ Қозоғистон ва Ўзбекистон чегарасига симтўр тортилгач, уларнинг табиий миграцияси ҳам чекланиб қолган. Ўтган йилларда сайғоқларнинг Қозоғистонда 130 мингтаси тўсатдан сирли равишда ўлиб қолиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига берган маълумотларга кўра, Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ ва Қўнғирот туманлари ҳудудида сайғоқлар учун комплекс ландшафт қўриқхонаси ташкил этилмоқда.

«Сайғоқлар учун» қўриқхонаси негизида ташкил этилаётган давлат табиатни муҳофаза қилиш муассасаси учун 628,3 минг гектар ер ажратилиши назарда тутилган бўлиб, бу ҳудуд беш участкага бўлинади. Бу участкалар сайғоқлар ва бошқа турдаги жониворларнинг яшаши учун энг қулай шароит бор ҳудудлар сифатида танлаб олинган. Бу ерлар сайғоқлар учун анъанавий зарур ўтлоқлар ва сув манбаларидан иборат.

Шу билан Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган UzWaterAware лойиҳаси доирасидаги Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ҳамда туман ҳокимликлари қўллови ва иштирокида Орол сари уюштирган экспедициямизнинг биринчи куни якунланди. (Ҳикоямизнинг биринчи қисмини бу ердан ўқишингиз мумкин).

Кейинги ҳикоямиздан бир пайтлар орол бўлган, айни пайтда қуруқликнинг бир қисмига айланган Мўйноқ шаҳри ва у ердаги кемалар қабристони ҳақида ҳикоя қиламиз.

Шуҳрат Шокиржонов,
Kun.uz мухбири

Top