Жаҳон | 22:03 / 19.05.2018
12938
2 дақиқада ўқилади

Хитой баҳсли ҳудудларга стратегик бомбардимончиларни жўнатди

Фото: AP / Ministry of National Defense

Хитой ҳарбий-ҳаво кучлари машғулотлар доирасида ўз назоратида бўлган, Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли ҳудудлардаги аэродромга ядровий қуролни таший олувчи H-6K стратегик бомбардимончиларини жўнатди. Бу ҳақда China Daily нашри маълум қилди

Пекинда таъкидланишича, бу баҳсли Спратли оролларида АҚШ ва ҳудудий баҳсда иштирок этаётган бошқа давлатлар, жумладан Филиппин, Вьетнам ва Малайзиянинг эътирозларига қарамай қурилган аэродромнинг илк қўлланиши бўлган. Самолётлар аэродромга қўниш олдидан денгиздаги мўлжалларга зарба беришни машқ қилишган. Аэродромнинг аниқ жойи ва у жойлашган орол номи хабарда маълум қилинмаган.

Пекин баёнотида айтилишича, стратегик бомбардимончилар қўлланган ҳолда машғулотларнинг ўтказилиши Хитой ҳарбий-ҳаво кучларига денгиздаги таҳдидларга қарши курашдаги жанговар имкониятларини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

H-6 бомбардимончилари Россияда қуролланишдан 1990-йиллар бошида олинган Ту-16 самолётининг нусхаси ҳисобланади. Самолётнинг H-6K модификацияси замонавийроқ двигателлар билан жиҳозланган ва 6 та қанотли ракета таший олади.

Машғулотлар минтақада кескинлик ошган бир пайтда ўтказилган. Бу кескинликка Спартли архипелаги атрофидаги ҳудудий баҳс сабаб ҳисобланади. 

Спратли таркибига 14 та орол ва 100 дан кўпроқ маржонқоя киради. Уларнинг умумий  майдони 200 гектардан камроқни ташкил қилади. Бироқ бунда архипелагнинг стратегик жойлашуви ва ён-атрофидаги ҳудудларда катта миқдорда нефть ва газ борлиги каттароқ аҳамиятга эга.

Мавзуга оид