01:48 / 24.05.2018
11579

Суд залида ёш йигит учун шартли хукм ўқилди

2018 йил 23 май куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сирғали туман судида Фаррух Мусаевга  нисбатан жиноят иши кўрилди. Судланувчи Тошкент туризм коллежининг 2-босқичида таҳсил олади. У 2018 йил 4 март куни ўзганинг мол-мулкини босқинчилик йўли билан талон-торож қилиш жиноятига қўл урди.

Ўша куни Мусаев маст ҳолатда Тошкент шаҳар Сирғали тумани, Дўстлик-2 мавзесида фуқаро Ф.Заировни ўткир тиғли пичоқ билан қўрқитиб, телефон ва пулларини чиқаришни талаб қилади. Аммо Фарруҳ Мусаев режасини амалга оширишга улгурмади. Воқеа жойида пайдо бўлган ҳуқуқ посбонлари уни қўлга туширишди.  Мазкур жиноят устидан тегишли тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Суд Ф.Мусаевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а” банди (Босқинчилик, а) қурол ёки қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб) билан 8 (саккиз) йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ЖКнинг 72-моддасини (Шартли ҳукм қилиш) қўллаб, тайинланган жазо шартли ҳисобланиб, 3 (уч) йил муддатга синов муддати белгиланди.

Синов муддати мобайнида Ф.Мусаевга қуйидаги шартлар белгиланди:

  • яшаш ва иш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда унинг устидан назорат олиб борувчи органга ҳабар бериши;
  • вақти-вақти билан бу органларга келиб, рўйхатдан ўтиб туриши;
  • муайян жойларда яъни кафе, барларда бўлмаслик;
  • спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслик;
  • соат 21:00 дан 07:00га қадар яшаш жойини тарк этмаслик мажбуриятлари юклатилди.
    Жазо ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ИИБ зиммасига юклатилди.
    Ф.Мусаевга нисбатан кўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси “муносиб хулқ атворда бўлиш ҳақидаги тилхат” эҳтиёт чорасига ўзгартирилиб, суд залидан дарҳол озод қилинди.

Ҳукмдан норози тарафларга ҳукм эълон қилинганидан кейин 10 кун ичида апелляция бериши, 10 кундан кейин эса кассация тартибида шикоят ёки протест келтиришлари мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Top