Ўзбекистон | 00:03 / 29.05.2018
32655
3 дақиқада ўқилади

Суд тадбиркор томонда: Фарғона шаҳар ҳокимлигининг йиғилиш баёнлари бекор қилинди​

Фарғона шаҳар ҳокимлиги томонидан яратилаётган сунъий тўсиқлар туфайли касодга учраётган «Қиргули коммунал сервис» МЧЖ раҳбари Д.Абдуллаевнинг аризасини суд тўлиқ қаноатлантирди. Бу ҳақда жамият расмий вакили Kun.uz'га маълум қилди. 

Бундан аввалроқ, Абдуллаев бошчилигида​ уч йилдан бери муваффақият билан фаолият олиб бораётган жамият Фарғона шаҳри ва унинг атрофида яшовчи аҳолига коммунал хизмат кўрсатиб келиши ҳақида ёзилганди. Яъни, «Қиргули коммунал сервис» МЧЖ маиший чиқиндиларни йиғиштириб олиш, саралаш ва қайта ишлаш билан шуғулланди.

Ҳокимлик қарори билан замонавий талаб ва стандартларга мос ишни йўлга солган тадбиркор эндиликда умумий қиймати 1,1 млрд. сўмни ташкил этувчи тўрт босқичли лойиҳани амалга ошириш учун маҳаллий банклардан бирига мурожаат қилганди.

Аммо, 4 йил давомида белгиланган мажбуриятларни ўз вақтида бажариб, доимий равишда тозалаш техникаларини такомиллаштириб, ўзига бириктириб берилган ҳудудларда тозалаш тадбирларини ўтказиб келган МЧЖ манфаатига зид равишда 2017 йил 18 февралда, шу йили 15 сентябрда Фарғона шаҳар ҳокимлигининг баённомалари эълон қилинди.

Унга кўра, ҳеч қандай асоссиз «Қиргули коммунал сервис» МЧЖга бириктирилган маҳаллалар сони 16тадан 7тага камайтирилди, мазкур маҳаллалар ўз балансида тозалаш техникасига эга бўлмаган «Водий логистик» МЧЖ, «Юксалиш тозалаш санитар сервис» МЧЖга бириктирилди. Йиғилиш баёнлари эса Фарғона шаҳар ҳокимининг ўринбосари Каримбердиев ва Раҳимжонов томонидан қабул қилиниб имзоланган, яъни Фарғона шаҳар ҳокимининг қарори ҳоким ўринбосарлари томонидан ўзгартирилганди.

Ушбу ишни атрофлича ўрганиб чиққан Фарғона шаҳар маъмурий судининг раиси С.Қурбонов аризачининг шикоятини қаноатлантириб, ҳар иккала баёнларни ҳам бекор қилиш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарди.  

Адолат ва ҳақиқат тамойили мана шундай лаҳзада жуда қадрли бўлади. Яъни, давлат идора ва ташкилотлари вакиллари йўл қўйган камчиликни суд ҳокимияти ўз вақтида пайқаб, унга тегишли чора кўриши жамиятда адолатни ўрнатади. Энг муҳими, тадбиркорнинг эртанги кунга ишончи ортади, унинг янада кўпроқ изланишга ғайрати ошади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид