Ўзбекистон | 17:33 / 30.05.2018
4404
2 дақиқада ўқилади

Франция элчиси Бош прокуратурага борди, биргаликда ўқув машғулотлари ўтказилиши мумкин

Бугун Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси бош прокурори О.Муродовнинг Франциянинг фавқулодда ва мухтор элчиси Виолен де Вильмор билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда маҳкама матбуот хизмати хабар бермоқда.

Учрашув иштирокчилари ўртасида икки томонлама ҳамкорликнинг кенг йўналишлари, жумладан, экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши кураш ҳамда инвесторларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича фикр алмашдилар.

Элчи прокуратура органлари фаолиятининг асосий йўналишлари, хусусан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари ногиронлиги бўлган шахслар, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.

Прокуратура ходимлари касбий тайёргарлигининг аҳамияти хусусида сўз юритилиб, Виолен де Вильморга Бош прокуратура ҳузуридаги Олий ўқув курсларининг Академия сифатида қайта ташкил этилганлиги маълум қилинди.

Шу муносабат билан, Франция элчиси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимлари учун Франция давлатидан соҳа мутахассислари, экспертларни жалб этган ҳолда биргаликдаги ўқув машғулотларини ўтказишга қизиқиш билдирган.

Шунингдек, икки давлат ўртасида ҳуқуқий соҳада шартномавий-ҳуқуқий ҳужжатларни, шу жумладан экстрадиция ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар тузиш зарурияти алоҳида таъкидланди.

Мавзуга оид