Жаҳон | 20:25 / 22.09.2024
6009
2 дақиқада ўқилади

Францияда узоқ муддатли сиёсий инқироздан кейин янги ҳукумат тасдиқланди

Шу тариқа Франция учун рекорд даражадаги икки ойлик ўтиш даври якунланди.

Фото: Xinhua

Франция вазирлар маҳкамаси раҳбари Мишел Барние 21 сентябр куни ўзининг янги ҳукумати таркибини тақдим этди. Шу тариқа Франция учун рекорд даражадаги икки ойлик ўтиш даври якунланди.

Президент Эммануэл Макронга Барниенинг ўзини тайинлаш учун 51 кун керак бўлган эди. Вазирлар рўйхати - ўнг ва марказ ўртасидаги оғриқли музокаралар самараси - шанба куни кечқурун Елисей саройи бош котиби Алекси Коллер томонидан эълон қилинди.

Барние 17 нафар вазирни тайинлади. Француз матбуотининг ёзишича, 72 ёшли бош вазир ҳукумати таркибига аввалги маъмурият вакиллари, шунингдек, бир неча янги келган консерваторлар ва янги тайинланган марказчилар кирди.

Умуман олганда, бу ўн йилдан кўпроқ вақт олдин президент Николя Саркози давридаги Фийон маъмуриятидан кейинги энг ўнг қанот ҳукуматдир, деди фахрий сиёсий шарҳловчи Ален Дюамел.

Масалан, Франциянинг янги ташқи ишлар вазири Жан-Ноэл Барро президент Макрон билан алоқадор бўлган марказчи Демократик Ҳаракат аъзоси ва собиқ Европа комиссари Жак Барро ўғли ҳисобланади. У аввал Франциянинг Европа ишлари бўйича кичик вазири бўлиб ишлаган.

Бош вазир Барние 1 октябр куни Франция парламентидаги инаугурацион сиёсий нутқида ҳукуматнинг кейинги қадамларини батафсил баён қилиши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид