Жаҳон | 21:52 / 30.05.2018
7723
2 дақиқада ўқилади

Украина бош вазири мамлакат аҳолисининг хорижга ишлашга кетиши сабабини тушунтирди

Фото: 24tv.ua

Украина бош вазири Владимир Гройсман ҳукумат йиғилишида мамлакат аҳолиси нима учун тобора кўпроқ бошқа давлатларга кетаётганининг сабабини тушунтирди.

Йиғилиш болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бағишланган бўлиб, унга бир неча қиз ва ўғил бола ҳам таклиф қилинган. Шундай иштирокчилардан бири бош вазирдан нима учун украиналиклар бошқа давлатга кўчиб кетишаётгани ҳақида сўраган. “Улар шунчаки саёҳат қиладилар”, деб жавоб берган бош вазир. Бироқ, кейин у ҳам уларнинг қайтишларини исташини айтган. 

Украинада 2014 йилдаги давлат тўнтарувидан кейин мамлакат фуқаролари тобора кўпроқ хорижий давлатларга ишлагани кета бошлаганлар. Бу ҳолат Европа иттифоқи давлатлари билан виза тартиби осонлаштирилгандан кейин янада жадаллашган. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатни меҳнатга лаёқатли 9 млн киши тарк этган. Украина ташқи ишлар вазири Павел Климкиннинг таъкидлашича, мамлакатни ҳар ой 100 мингга яқин одам тарк этмоқда.   

Украиналиклар асосан Россия ва Польшага доимий ёки мавсумий ишга боришни маъқул кўришади. Маълум қилинишича, ҳозирда Россияда 3 млн, Польшада 2 млн украиналик бор.  

Бугунги кунда Украинада қанча аҳоли борлигини мутахассислар ҳам айтишга қийналмоқдалар. Аҳоли охирги марта 2001 йилда рўйхатга олинган. Ўшанда мамлакат аҳолиси 48,5 млн кишини ташкил қилган. Навбатдаги рўйхатга олиш 2020 йилга белгиланган.

Мавзуга оид