Ўзбекистон | 00:43 / 03.06.2018
12291
3 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда “Open South International Business Forum” бошланди 

Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, ўтмишдан бой тарихга эга, азиз авлиёлар юрти - Сурхон воҳасида бугун ҳақиқий дўстлик ва бизнес байрами “Open South International Business Forum” форуми бўлиб ўтмоқда. 

“Очиқ Жануб” деб номланган вилоятнинг инвестиция, экспорт ва туризм салоҳиятини ёритишга бағишланган халқаро бизнес форумга дунёнинг 19та давлатидан 160дан  ортиқ  ишбилармон доира вакиллари, шунингдек, хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги элчилари, чет эл ваколатхоналари ходимлари иштирок этишмоқда.

Ушбу форумни вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов очиб берди. У вилоятнинг тарихи ҳақида гапирар экан вилоятнинг бугунги иқтисодий-ижтимоий салоҳияти мана шу шонли тарих силсиласида ҳосил бўлган тажриба эканлигини таъкидлади.

“Азизлар, бугун биз кечаги Сурхондарё эмасмиз, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида барча соҳаларда жуда катта изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда ва дунё ҳамжамиятига бир сўз билан айтганда Янги Ўзбекистон тақдимоти бўлмоқда”, деди вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов.

Вилоят ҳокими Ўзбекистонда чет эл инвесторлари учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилаётгани, миллий валютанинг тўлиқ, ҳеч қандай тўсиқларсиз конвертация қилина бошлангани, банк, солиқ ва божхона соҳаларида кескин ислоҳотлар олиб борилаётгани ҳақида гапирди. Унинг таъкидлашича, вилоятда 6та олий ўқув юрти томонидан тиббиёт, техника, муҳандислик, кимё ва аграр соҳаларда рақобатбардош кадрлар етиштириш йўлга қўйилган. Бундан ташқари, Сурхондарёда бугунгача чет эл инвестициялари иштирокида ташкил этилган 71та қўшма корхона самарали фаолият юритмоқда. Э.Турдимов ўз нутқида вилоятнинг туристик, тиббий, саноат салоҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.   

Бизнес форумда белгиланган тадбирлар доирасида Ҳиндистон, Словакия, Бангладеш, Кувайт, Украина, Афғонистон, Тожикистон ва Индонезиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчилари, элчихона ходимлари ҳамда йирик ишбилармон ва тадбиркорлари билан учрашувлар ўтказилди. Учрашувларда савдо-иқтисодий, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, бошқа соҳаларда эришилган ўзаро манфаатли келишувларни ҳамда мамлакатларнинг етакчи иқтисодий тузилмалари ўртасида йирик тижорат шартномаларни босқичма-босқич амалга оширишнинг амалий масалалари муҳокама қилинди.

Воҳада бизнес форум доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.

Мавзуга оид