Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Осиё хотин-қизлар II форумида Бухоро декларацияси қабул қилинди
Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етакчи аёллар иштирок этди.
Фото: Telegram / Saida Mirziyoyeva
Бухоро шаҳрида «Аёлларга инвестиция – барқарор ўсиш асоси: хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва экологик имкониятларини кенгайтириш» мавзусидаги Осиё хотин-қизларининг II форуми ўтказилди.
Тадбирда 20 дан ортиқ хорижий давлат ва халқаро ташкилотлардан юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси Ижрочи директори, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, халқаро молия институтлари вакиллари, Осиё парламентларининг аёл аъзолари, вакиллари ҳамда хорижий давлатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари вакиллари иштирок этди. Шунингдек, форумда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етакчи аёллар, ишбилармон доиралар, сиёсатшунослар, ижтимоий соҳа фаоллари, олимлар ҳамда турли иқтисодиёт тармоқлари ва соҳалар вакилларидан иборат қарийб 250 киши қатнашди.
Президент Шавкат Мирзиёев форум иштирокчиларига мурожаат йўллади. Уни Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева кириш нутқида Ўзбекистонда хотин-қизларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганини қайд этди. Ўтказилаётган форум президентнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги нутқида илгари сурган ташаббусининг амалий натижасидир.
Таъкидланишича, Самарқандда ўтказилган биринчи форум бундай мулоқот майдонига қанчалик катта эҳтиёж борлигини кўрсатган ва халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланган. Энди бу майдонни доимий платформага айлантириш йўлида муҳим қадам ташлангани қайд этилди.
Сўзга чиққанлар бугун ҳеч бир давлат хотин-қизларнинг имкониятларини кенгайтирмасдан туриб барқарор тараққиётга эриша олмаслигини таъкидлади. Шу боис мазкур платформа нафақат мулоқот, балки умумий ёндашувлар, амалий ҳамкорлик ва қўшма ташаббусларни шакллантириш майдонига айланиши лозим.
Таъкидланишича, бу майдон – глобал таҳдидларга қарши курашда аёллар бирдамлигининг ёрқин ифодасидир. Иқлим ўзгариши, камбағаллик, тенгсизлик ва турли камситишларга қарши самарали ечимларга фақат хотин-қизларнинг фаол иштироки орқали эришиш мумкин. Шунинг учун ҳам турли соҳаларнинг фаол аёлларини қўллаб-қувватлаш, улар ўртасида халқаро ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини кенгайтириш бугунги долзарб вазифалардан биридир.
Қайд қилинишича, Ўзбекистонда сўнгги ўн йил ичида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган 100 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилингани, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Шунингдек, хотин-қизларнинг сиёсий жараёнлар ва қарор қабул қилиш тизимидаги иштироки тобора кенгайиб бораётгани, бугунги кунда Ўзбекистон парламентда аёллар улуши бўйича дунёда 35-ўринни эгаллагани қайд этилди.
Бундан ташқари, хотин-қизларнинг таълим, илм-фан, инновациялар ва тадбиркорлик соҳаларидаги имкониятларини кенгайтириш Янги Ўзбекистон ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланиб, бугун олий таълимда қизлар улуши 53 фоизга, магистратурада эса 65 фоизга етган. Олимлар орасида эса хотин-қизлар улуши 60 фоизни ташкил этади. Сўнгги ўн йилда Ўзбекистонда аёл тадбиркорлар сони 3,7 баробарга кўпайиб, 274 мингдан ошган.
Ушбу форум Осиё мамлакатлари ўртасида илғор тажрибалар алмашиш, хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган қонунчилик ва амалий механизмларни такомиллаштириш, таълим, тадбиркорлик, инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида қўшма дастурларни йўлга қўйиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Мавзуга оид
19:30 / 14.05.2026
Саида Мирзиёева Осиё хотин-қизлари иккинчи форумида иштирок этди
17:40 / 30.04.2026
Бухородаги тарихий мажмуа олдида ноқонуний тарғибот: ММА турнири баннерида онлайн қимор ўйини логотипи ҳам бор
09:15 / 30.04.2026
Бухоро ва Сурхондарёда Афғонистондан контрабанда қилинган опийнинг катта партияси аниқланди
16:29 / 24.04.2026