Спорт | 21:16 / 04.06.2018
5943
8 дақиқада ўқилади

Мундиални кутиб. Таништирув: Тунис

Фото: Getty Images

ТУНИС ТЕРМА ЖАМОАСИ

Лақаби: “Карфаген бургутлари”
Конфедерация: АФК
Либос ранги: оқ/қизил
ФИФА рейтинг ўрни: 51
Жамоа сардори: Ваҳби Хазри
Терма жамоа тарихидаги энг кўп гол урган: Иссам Жема (36)
Терма жамоа тарихида энг кўп майдонга тушган Садок Сасси (116)
Энг йирик ғалаба: Хитой Тайпеи 8:1 (1960)
Энг йирик мағлубият: Венгрия 1:10 (1960)

ТАРИХИ

Тунис терма жамоаси жаҳон чемпионати финал босқичида илк бор 1978 йилда иштирок этган. Аввалги мундиалнинг икки совриндори жой олган мураккаб гуруҳни тунисликлар Мексика устидан қозонилган 3:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошлашди. Бу ғалаба жаҳон чемпионатлари тарихидаги Африка жамоаларининг илк ғалабаси бўлганига ҳам эътибор беринг. Қизиғи, Тунис шундан сўнг ҳам яна уч мундиалда қатнашганига қарамасдан, ўша ғалаба Тунис учун ҳамон ягоналигича қолмоқда. 

2-турда Польшадан 0:1 мағлуб бўлингач, сўнгги турда ГФР га қарши ўйин кутиб турарди. Немисларни бу ўйинда дуранг қониқтирар, африкаликлар эса, ғалаба қозонишлари шарт эди. Жаҳон чемпионлари ўша ўйинда имкони борича вақтни чўзиш ва 0:0 ҳисобини сақлаб қолишга уринишдан уялмадилар. Ҳисоб очилмади, аммо Тунис турнирни бошни кўтарган ҳолда тарк этди дейиш мумкин. 

Кейинги мундиал Тунисликлар учун 20 йилдан кейин бўлди. 1998-2006 йилларда қаторасига 3 жаҳон чемпионатида иштирок этишди. Ҳар сафарида гуруҳда фақат бир дуранг билан кифояланган Тунис ҳар сафар сўнгги ўринни банд этаверди. 1998 йилда Руминия, 2002 йилда Бельгия, 2006 йилда эса, Саудия Арабистони терма жамоалари билан ўйинларда “Карфаген бургутлари” мағлубиятдан қутулиб қолишди. 

Албатта, Тунис футболи тарихида жаҳон чемпионатларидан ташқари ҳам ёрқин лаҳзалар бор. Аслини олганда, ҳар сафар ЖЧ саралашларида вазифани уддалаш ҳам Африка жамоалари учун катта муваффақият саналади, демак, 1996-2006 йилларда Тунис футболи Африканинг энг барқарор натижаларга эришган дейиш мумкин. Шунингдек, 2004 йилда айнан Тунисда ташкил этилган Африка Миллатлар Кубогида мезбонлар зафар қучгандилар. Плей-оффда Сенегал, Нигерия ва Марокаш каби қитъанинг энг кучли терма жамоалари билан ўйинлар жуда катта ҳодисага айланган ва Тунис бу ўйинларда ғалаба қозонганди.

Мана шу юқорида айтган барқарор давр бошланган 1996 йилда ҳам Тунис Африка кубоги совриндори бўлганини таъкидлаш керак. Ўшанда Тунис финалда майдон эгалари бўлмиш Жанубий Африка Республикасига қарши ўйинда 0:2 ҳисобида ютқазгандилар. 

МУРАББИЙ

Фото: AFP

Россия-2018 учун курашни Тунис польшалик мураббий Хенрик Касперчак қўл остида бошлаганди. Аммо у цикл охиригача ишлай олмади. Аслида саралашдаги ҳолат у қадар ёмон эмас, Мавританияга қарши ўйинлардаги икки ғалаба Тунисни учинчи босқичга олиб чиққанди. Аммо Африка кубоги – 2017 даги муваффақиятсизлик учун уни кечиришмади. Тунисликлар гуруҳ босқичида кучли Жазоир терма жамоасини ортда қолдирган бўлишса-да, чорак финалда Буркина Фасога имконият бой берилганди. Шунингдек, мураббийни терма жамоа етакчилари билан зиддиятлари ишончнинг йўқолишига олиб келди.

Касперчак ўрнига маҳаллий мутахассис Набил Маалул тайинланди. 

Фото: Getty Images

Маалул Тунисда ўзига яраша машҳур саналади. Ўз вақтида у терма жамоа сафида ҳам 74 маротаба майдонга тушган. Бундеслигада ўйнаган, “Эсперанс” таркибида кўп карра Тунис чемпиони бўлган. 

Мураббий сифатида ҳам у янги шахс эмас. Юқорида эсланган 2004 йилги Африка чемпионатида Маалул бош мураббий ёрдамчиси сифатида фаолият олиб борганди. Ўзи ўйнаган “Эсперанс”ни икки марта мамлакат чемпионига айлантирди.  

Аммо айтиш керакки, Маалулнинг Тунис бошқарувидаги ишлари у қадар текис кечмаяпти. Мисол учун, ўтган йили унинг бош мураббий сифатида расман эълон қилиниши уч ҳафтага чўзилиб кетганди. Бунинг сабаби ҳақида жим қолинди, лекин айтишларича, терма жамоанинг уч нафар асосий юлдузи Маалулнинг бош мураббий бўлишига қарши бўлишган экан. 

Али Маалул, Аймен Абденнур ва Анис ибн Хатира. Маалулнинг фамилиядоши қолди, аммо кейинги саналган икки юлдуз якунда терма жамоадан аста секинлик билан четлаштирилдилар.  

БУГУНГИ ТУНИС

Ҳа, Тунис терма жамоаси деганда Европа футбол ишқибозлари айнан Аймен Абденнурни кўз олдиларига келтиришса ажаб эмас.”Тулуза”, “Монако”, “Валенсия” каби клублардаги фаолияти билан танилган ҳимоячи яқин яқингача Туниснинг ҳақиқий қўрғони саналарди. Аммо юқорида тилга олинган зиддиятлар, шунингдек, футболчининг “Валенсия”да захирада ўтириб қолиши сабаб юқори формада эмаслиги билан очиқланиб, Абденнур таркибга киритилмаяпти.   

Абденнурнинг ўрнига энди Али Маалул ҳимоянинг ҳақиқий етакчисига айланди дейиш мумкин. “Ал Аҳли” футболчиси 2014 йилдан буён терма жамоа сафида мунтазам тушиб келмоқда. 

Фото: Getty Images

Яхшигина сермаҳсул бўлган ярим ҳимоячи Ваҳби Хазрини ҳам мухлислар яхши билишади. “Бастия” сафида Францияда бир неча мавсум тўп сурган Хазри “Бордо”нинг етакчиларидан бирига айланганди ва АПЛ жамоалари назарига тушганди. Хазри “Сандерленд” таркибида ҳам йўқолиб қолмади. Сандерлендликлар чемпионшипга тушиб кетгач, ижара асосида Францияга қайтди ва “Ренн” сафида 19 ўйинда 9 гол уришга ҳам улгурди. Хазри бугунги Тунис терма жамоаси сафида энг кўп (12) гол урган футболчи саналишини ҳам таъкидлаш жоиз.

 Касперчак даврида тунисликлар асосан уч ҳимоячи билан ўйнашни афзал кўришарди, аммо Маалул келиши билан бу схемани ўзгартирди ва икки марказий ҳимоячи билан ўйнашни бошлади. Ярим ҳимоя ва ҳужумда Тунис 4-3-3 нинг турли вариантларини синаб кўриш имконига эгалар. Фаол ҳужумчилар билан 4-3-3 ёки икки қанот ҳужумчисини ярим ҳимояга ўтказган ҳолда  машҳур 4-2-3-1 схемасига ҳам осонлик билан ўта оладилар. Жаҳон чемпионатидаги асосий рақиблар Тунисдан кучли ҳисобланиши эътиборга олсак, айнан иккинчи вариант ўйинларда асосий схема сифатида танланса керак. 

Саралаш ўйинларида Тунис йўлланма учун асосан Конго терма жамоаси билан кураш олиб борди. Айниқса, Конгода бўлиб ўтган кескин тўқнашув ўша гуруҳ тақдирини ҳал қилган бўлиши мумкин. 2:0 ҳисобида мағлубиятга учраб турган тунисликлар сафарда ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлдилар. Айнан ўша ўйин натижасида Тунис ва Конго ўртасида 3 очколик фарқ юзага келди. Сўнгги турда эса, Тунис керакли дурангга эришди ва 12 йилдан сўнг яна мундиал йўлланмасини қўлга киритди.  

ЖЧ-2018

Тунис Россиядаги гуруҳдошлари Англия (0:2, 1998) билан ҳам, Бельгия (1:1, 2002) билан ҳам аввалги мундиалларда дуч келишган. Панама эса, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этмоқда. 
18 июнь куни Волгоградда Англия терма жамоаси қарши Тунис мундиалдаги илк ўйинини ўтказади. Бельгия билан ўйин 23 июнь куни Москвада бўлиб ўтади. Гуруҳ ўйинларини Тунис 28 июнь куни Саранскда якунлайди. 

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Мавзуга оид