Жаҳон | 11:18 / 07.06.2018
7041
2 дақиқада ўқилади

МДҲ давлатлари мудофаа вазирлари нималар ҳақида келишиб олди?

Фото: Getty Images

Россиянинг Кизил шаҳрида Мустақил Давлат Ҳамдўстлиги (МДҲ) Мудофаа вазирлари кенгаши йиғилиши чоғида ҳарбий мақсадлардаги сунъий йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш, шунингдек, геомакон ахбороти алмашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Бу ҳақда РФ Мудофаа вазирлиги сайтида хабар берилган.

Мудофаа вазирлари қўшма ҳарбий мақсаддаги тизимлар фаолиятини такомиллаштириш доирасида, МДҲ бирлашган ҳаво мудофааси тизими, ягона алоқа тизими, ягона давлат радиолокацион аниқлаш тизими, қуролли кучлар авиацияси парвозлари хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича таклифларни кўриб чиқдилар.

Хусусан, Беларусда МДҲ ҲҲМ «Минтақавий хавфсизлик - 2018» қўшма компьютерлашган қўмондонлик-штаб машқларини ўтказиш тасдиқланди.

Қозоғистонда «Тоза осмон - 2018» ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари (қўшинлари) оператив-тактик қўмондонлик-штаб машқлари ўтказилади.

Қўшма алоқа тизимини ривожлантириш бўйича халқаро-шартномавий асослар маъқулланди, шунингдек, 2017 йил учун қуролли кучлар авиациясининг парвозлари хавфсизлиги ҳолати таҳлил қилинди.

Ҳамдўстлик мамлакатлари мудофаа вазирлари Беларуснинг қуролли кучлар учувчисиз авиациясини қўллаш билан алоқадор бўлган ҳамкорликнинг янги устувор йўналишини ишлаб чиқиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Мавзуга оид