Ўзбекистон | 10:26 / 09.06.2018
52668
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонидаги сел ҳақида расмий маълумот берилди 

Фото: KUN.UZ

2018 йилнинг 8 июнь куни соат 22:00ларда Наманган вилоятининг Поп туманида кучли ёмғир ёғиши натижасида, мазкур туман ҳудудидан ўтувчи А-373 М-39 “Гулистон-Бўка-Ангрен-Қўқон-Андижон орқали-Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довони қисмининг 225,5 километрида эни 80 метр, узунлиги 300 метр ва баландлиги 0,5 метрни ташкил этувчи, умумий ҳажми 12 000 м3 бўлган тош ва тупроқ массаси автомобиль йўли орқали оқиб ўтган. Бу ҳақда ФВВ Фавқулодда вазиятларда бошқарув маркази хабар берди.

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб, соат 22:20да ИИВ ЙҲХББ томонидан “Чинор” ва “Шеробод” йўл ҳаракати хавфсизлиги масканларида автотранспорт воситаларининг икки томонлама ҳаракати тўхтатилган.

Натижада, тош ва тупроқ массаси йўлнинг автомобиль қатнов қисмида ҳаракатланаётган 2 та енгил автомобиль воситасини суриб, йўл четига чиқариб юборган. Мазкур автомобиль воситаларида бўлган 6 нафар фуқаро ФВВнинг “Қамчиқ” МҚҚБ қутқарувчилари томонидан қутқариб олиниб, уларга жойида биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, улардан икки нафари Ангрен шаҳар марказий касалхонасига юборилган ва тўрт нафар фуқарога довондаги “Булоқ” тиббий ёрдам масканида тиббий ёрдам кўрсатилган.

Шунингдек, йўлнинг қатнов қисмида қолган 4 та “Исузу”, 2 та “MAN” ва 4 та енгил автомобиль воситалари воқеа жойидан хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинган.

Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, ҳамда “Ўзавтойўл” АЖ, Наманган ва Тошкент вилояти хокимликлари томонидан туни билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида, автомобиль йўли тош ва тупроқ массасидан тозаланиб, 2018 йилнинг 9 июнь куни соат 08:00да “Қамчиқ” довони орқали автомобиль воситаларининг қатнови тикланди.

Қайд этилишича, қидирув-қутқарув ҳамда кучли ёғингарчилик оқибатларини бартараф этиш ишларига жами, 350 нафар ходим ва 74 та техника жалб этилган.

Мавзуга оид