Ўзбекистон | 00:01 / 09.06.2018
5650
3 дақиқада ўқилади

Журналистика йўналишидаги иқтидорли талабалар Туркияда амалиёт ўтайди

Journalism&Mass Communications University of Uzbekistan вакиллари халқаро тажрибани ўрганиш ва уни таълим жараёнларига татбиқ этиш мақсадида Россия Федерацияси ва Туркия Республикасига ташриф буюришди.

Ўзбекистонлик мутахассислар эътиборини Санкт-Петербург университети битирувчиларининг малакавий ишларни ҳимоя қилиш амалиёти ўзига тортди. Уларда илмий раҳбар ва ўқитувчилар роли, асосан, ташкилий масалалар билан чекланади. Битирув малакавий иш ҳимоясини эса амалиётдан таклиф этилган мутахассислар ва таниқли журналистлар қабул қилиб, энг муваффақиятли битирувчиларни ишга таклиф қилишади. 

Делегация вакиллари бундай инновацион усуллар янги ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университетида ҳам қўллаш фойдали бўлишини таъкидлаб ўтишди. Москва давлат университети журналистика факультетида олиб борилган учрашув ва музокаралар самарали ва мазмунли бўлди.

Туркия Республикасидаги Истанбул, Анқара, Ғози, Ҳожитепа ва Ибн Халдун университетларида бўлиб ўтган музокара ва учрашувлар ҳам самарали ўтди. Замонавий шароитда журналистика факультетлари фаолиятини ривожлантириш, журналистика соҳасида таълим бериш, назария ва амалиётни синтез қилишнинг замонавий усуллари бўйича тажриба ва фикр алмашилди. Делегация, шунингдек, Телевидение ва радио бўйича Туркия олий Кенгаши ҳамда “TRT” - Туркия давлат телерадио корпорацияси раҳбарлари билан музокаралар ўтказди.

Россия Федерацияси ва Туркия Республикасига ташриф натижасида икки давлат олий таълим муассасалари ва “TRT-Avaz” Туркия давлат телерадиокомпанияси билан қатор ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Ташриф якунлари бўйича имзоланган ҳужжатлар доирасида Ўзбекистон талабалари ва амалиётчи-журналистлар учун маҳорат дарслари ва маърузалар ўтказиш ҳамда Туркия университетларидан энг тажрибали профессор-ўқитувчилар, шунингдек, дунёда 1,5 миллиардлик аудиторияга эга TRT телерадиокомпаниясининг етакчи журналистларини Ўзбекистонга таклиф этиш ҳақида аҳдлашилди. Шу билан бир қаторда ёзги амалиёт ўташ учун Ўзбекистоннинг энг иқтидорли талабаларини Туркияга жўнатиш бўйича келишувга эришилди.

Шундай экан, яқин келажакда журналистик кадрларни янги авлодини етишиб чиқаришда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникация университетига юкланган вазифаларни оқлайди деган фикрда барча асослар бор.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид