Жамият | 15:15 / 12.06.2018
50454
3 дақиқада ўқилади

Эҳсон нима? У барча ишларни чиройли кўринишда қилишдир

“Ислом нури” дастурининг навбатдаги сонида эҳсон ҳақида сўз боради. Суҳбатдошимиз пойтахтдаги “Ҳазрати Али” жоме масжиди имом хатиби Салоҳиддин Шарипов эҳсоннинг асл моҳияти, у нималарда намоён бўлиши ҳақида гапириб берди.

YouTube'да кўриш

Tas-IX'да кўриш

- Ислом дини – эҳсон динидир. Эҳсон сўзи яхшилик қилиш маъносини англатади. Бу – умумий маънода келади. Биз эҳсон деганда одамларга дастурхон ёзишни, худойи қилишни тушуниб қолганмиз. Аслида, эҳсон барча ишни гўзал қилишдир. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг кўплаб оят-карималарида мўмин-мусулмон бандаларини эҳсон қилишга, яхшилик қилишга буюрган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...ва сиз эҳсон қилинг, Аллоҳ таоло эҳсон қилувчиларни яхши кўради”. Яна бир оятда: “Яхшилик қилувчиларга бу дунёнинг ўзида ҳам яхшилик бор”, дейилади. Аллоҳ таолонинг марҳаматини қаранг. Бу дунёда битта яхшилик қилсак, охиратда ўндан то етти юз баробаргача бўлган яхшилик бизни кутиб туради. У бандаларига ана шундай марҳамати кенг, меҳрибон зотдир.

Дунёда нафас олиб турибмиз экан хаёлимиз, фикримиз ва зикримиз яхшилик қилиш бўлиш керак. Ҳадиси шарифларда шундай маънолар келади: “Яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ҳеч бўлмаганда ёмонлик қилма”. Рамазон ойи айнан эҳсон ойи ҳисобланади. Мўмин-мусулмон бандалар яхшиликда мусобақа қиладиган ой ҳисобланади. 

“Ҳазрати Али” жоме масжиди
имом хатиби Салоҳиддин Шарипов

Хайр-эҳсон, мурувват, одамларга моддий-маънавий фойда етказиш масаласида динимизда таълимотлар тўла. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Садақанинг энг афзали – Рамазонда қилинган садақа”, деганлар. Ҳамёнимиздаги мол-давлат Аллоҳ таоло берган омонат. Бизники деймизу, бизга насиб қиладими, йўқми уни Аллоҳ билади.

Мискиннинг, ёрдамга муҳтож одамни яхши кўриш гўзал фазилат. Улуғларимиздан бири шундай деганлар: “Мискин, бечора одам бой, эҳсон қилувчи одамни яхши кўриб қолса, ажабланма. Агар тескариси бўлиб, бой одам бечора одамни яхши кўриб қолишлигидан ажаблан”. Аллоҳ барчамизга яхши амаллар қилишлигимизни насиб этсин, - деди С.Шарипов.

Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.

Мавзуга оид