20:56 / 02.07.2018
7917

Саакашвили унга Грузия фуқаролиги қайтарилишини талаб қилди

Фото: Глеб Гаранич / Reuters

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили расмий Тбилисидан унга Грузия фуқаролиги қайтарилишини талаб қилди. Саакашвилининг бу борадаги баёноти “Рустави 2” телеканали томонидан эълон қилинди. 

Саакашвили ўз мурожаатида Грузия президенти Георгий Маргвелашвилини “мутлақ қўрқоқ” деб атаган. “Агар у зиғирча эркак бўлса, унда зиғирча инсонийлик бўлса, у ҳолда менга фуқароликни қайтарсин”, деб айтган Саакашвили. “Мени Грузияга киритинг ва мен сизга ҳукумат кимдан қўрқишини ва халқни ким билан қўрқитишини кўрсатаман”, деб қўшимча қилган сиёсатчи.

Саакашвилининг айтишича, уни фуқароликдан маҳрум қилишда қоидабузарликларга йўл қўйилган, Грузиянинг амалдаги ҳукумати ҳаракатлари эса унинг Грузия сиёсий ҳаётида иштирок эта олмаслигига қаратилган. “Нима учун ноҳукумат ташкилотлари менга президент сайловларида қатнашишга имкон беришмаётгани ҳақида сукут сақлашмоқда?”, деб айтган Саакашвили.

Сиёсатчи у билан грузин халқи ўртасида ҳеч қачон “фильтрлар” бўлмаслигига ишонч билдирган. “Менда тоза қўлларим ва обрўимдан бошқа ҳеч нарса йўқ”, деб қўшимча қилган Саакашвили.

Грузия президенти маъмуриятида Саакашвилининг мурожаатига жавоб қайтарилган. “У фуқароликдан уни Георгий Маргвелашвили маҳрум этмаганини яхши билади. Саакашвили шахсан ўзи ва онгли равишда Украина фуқаролиги фойдасига Грузия фуқаролигидан воз кечган. Бундан ташқари, у ўтган вақт ичида Грузия фуқаролиги қайтарилиши илтимоси билан бирор марта мурожаат қилмаган”, деб айтган Маргвелашвили маъмурияти бошлиғи.

Саакашвили 2015 йил май ойида Украина паспортини олгани сабабли Грузия фуқаролигидан шу йил декабрида маҳрум этилган. Грузия қонунлари икки фуқароликни тақиқлайди,. 2017 йил ёзида Саакашвили Украина фуқаролигидан ҳам маҳрум этилганди.

Саакашвилига нисбатан Грузияда бир нечта жиноий иш қўзғатилган. У, шунингдек, қидирувга берилган.

Top