Ўзбекистон | 19:10 / 03.07.2018
9818
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг хориждаги 3 элчихонасида янги лавозим жорий этилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ шу йилнинг 1 июлидан эътиборан Ўзбекистоннинг Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистондаги элчихоналари штат жадвалига савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчи лавозими киритилди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Ўзбекистон ҳукумати қўшни мамлакатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратган, бу Ташқи ишлар вазирлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб берилган.

Статистик маълумотларга кўра, 2017 йили Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан товар айланмаси 253,9 млн АҚШ доллари, Тожикистон билан 237 млн доллар, Туркманистон билан 177,3 млн долларни ташкил этди.

Ушбу даврда Ўзбекистоннинг мазкур давлатлар билан умумий товар айланмаси 668,2 млн долларни ташкил этган, бу 2016 йилдагига нисбатан деярли 16 фоизга кўпроқдир.

Мавзуга оид