19:15 / 07.07.2018
17095

Ногиронлик аравачасида 16 кунлик саёҳат: Қаҳрамон Узоқов Tashkent city'га етиб келди

Шаҳрисабзлик Қаҳрамон Узоқов 400 кмдан ортиқ масофани ногиронлик аравачасида босиб ўтиб, Tashkent city'га етиб келди. Бу ҳақда Kun.uz​ мухбири хабар бермоқда.

1 июль куни Kun.uz​ сайтида Қаҳрамон Узоқовнинг Шаҳрисабз-Самарқанд-Тошкент йўналишида саёҳатга чиққани ҳақида хабар берилганди. Унинг айтишича, ногиронлик аравачасида йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилаётган Tashkent city саёҳатнинг сўнгги манзили саналади.

«Узоқ йўлга чиққанимда менга кўпчилик ишонмади. Саёҳатнинг 16 куни, мана етиб келдим. Худога шукур! Ўзгаришлар, янгиланишлар жуда кўп, ишонмасангиз, сиз ҳам юрт айланинг», дея кўрганларини айтиб бера бошлади.

Қаҳрамоннинг таъкидлашича, йўлда учраган минглаб ҳайдовчиларнинг деярли барчаси уни қўллаб-қувватлади.

«Гўёки, бутун олам мени қўллаб турди. Сув бериб ўтади, озроқ суҳбат қилади, суратга тушади... Кимдир қўярда-қўймай пул берди, ҳеч бўлмаганда, сигнал чалиб, жилмайиб ўтади. Улар орасида 4-5 нафар сўконғичлар ҳам бор. Йўл-йўлакай тунаш учун жой топиш ҳам қийин бўлди. Уйида жой бўла туриб, киритмаганлар ҳам бор, аммо уларнинг ҳаракати ҳеч қачон яхши одамлар бажараётган ишларга соя солмайди. Яхшилар дунёда кўп», дейди у.

Самарқандда Имом ал-Бухорийни зиёрат қилган Узоқовни Тошкент шаҳрида Tashkent city дирекцияси директорининг биринчи ўринбосари Ҳаёт Иногамов ва бир гуруҳ қурувчи-муҳандислар қарши олишди.

«Телевизорда кўрган бошқа, жонли, ўз кўзларим билан кўриш бошқа экан. Энди қишлоқдагиларга буларни айтиб берсам, ишонармикан», деб кулади Қаҳрамон.

Унга Tashkent city дирекцияси номидан эсдалик совғалари топширилди. 16 кунлик ноодатий сафардан сўнг, Узоқов шифокорлар кўригидан ўтиб, 7 июль куни Шаҳрисабзга жўнаб кетди. Бу гал у Қашқадарёга енгил автомобилда қайтиб кетди. 

Имконияти чекланган шахснинг ёрдамчиларсиз узоқ йўл босиб ўтиши, айниқса Ўзбекистон ҳақида гапирсак, Қаҳрамон Узоқов воқеаси ёрқин ҳодисага айланди. Бу билан, у кишиларга орзу-умид ё истаклар сари дадил қадам ташлашни ўргатди. Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишни режалаштираётган Қаҳрамонимизнинг энг катта орзуси эса аравачада Ҳажга етиб бориш...

Top