Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси санитария-эпидемиология талабларини бузиб, меҳмонлари сони элликдан ошган ҳолда тўй тадбирини ўтказган эстрада хонандасига БҲМнинг 5 баравари (1 миллион 115 минг сўм) миқдорида жарима белгилангани ҳақда хабар тарқатди.
Бир қарашда ҳаммаси қонун доирасида бўлган, барчаси рисоладагидек. Аслида-чи? Хонандага жазо ҳаққоний ва адолатли танланганми? Қонунийлик-чи, тўла таъминланганми?
Бу каби саволларга карантинда ўтган яқин ўтмишимизни ёдга олиб жавоб излашга уриниб кўрамиз.
Эслаб кўринг: яқин-яқинларда рухсат этилмаган вақтда ўз автотранспорт воситасида ҳаракатланган ҳайдовчиларга энг камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари – 4 млн 460 минг сўмдан жарима қўлланди. Бу ҳам етмагандек автомашиналари бир неча ойлаб қонунга хилоф равишда жарима майдонларида ушлаб турилди. Жарима-ю жарима майдонига тўланган пулларнинг аниқ ҳисоби бўлмаса ҳам керак.
Бу каби аёвсиз жарималар ортидан карантин эълон қилинганининг дастлабки ойидаёқ давлат хазинаси сал кам 50 млрд сўмга бойиди. Уларнинг асосий қисми карантин чекловлари даврида автомашинани бошқарган шахсларга тўғри келди.
Дарҳақиқат, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси иккинчи қисмига кўра карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 баравари (4 460 000 сўм)дан 30 баравари (6 690 000 сўм)гача, мансабдор шахсларга эса ундан ҳам кўпроқ, 50 баравари (11 150 000 сўм)гача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Аммо ҳозир гап бу ҳақда эмас.
Энди мавзунинг иккинчи ва асосий қисмига ўтиб, хонанда В.Исоқов белгиланган меъёрлардан ошириб тўй қилганликда ифодаланган қилмишининг ҳуқуқий малакаланиши ва унга қўлланган жазо миқдорига тўхталсак.















