Спорт | 12:30 / 08.07.2018
15334
2 дақиқада ўқилади

Россия термасининг икки футболчиси халқаро фаолиятини якунлади

«Спартак» жамоасининг 33 ёшли ярим ҳимоячиси Александр Самедов Россия терма жамоасидан кетганини маълум қилди. Шунингдек ЦСКА ҳимоячиси Сергей Игнашевич ҳам терма жамоада бошқа ўйнамаслигини билдирди.

Самедов Хорватияга қарши ўйиндан кейин журналистларга жаҳон чемпионати чорак финалидаги ўйин терма жамоадаги охирги ўйини бўлиб қолганини билдирди. Игнашевич эса агар ЖЧ-2018 бўлмаганида анча аввалроқ кетган бўлишини айтди.

Самедов терма жамоада 2011 йилдан буён тўп суриб келаётганди. Бу вақт ичида у 53 ўйинда майдонга тушган ва 7 гол урган.

Айни вақтда 38 ёшда бўлган Игнашевич 2006 йилдан буён терма жамоада ўйнаб келади. У Россия термаси сафида ўтказилган ўйинлар бўйича рекордчи - 127 ўйин.

У 2016 йили халқаро фаолиятини якунлаганди, аммо жаҳон чемпионати арафасида терма жамоага қайтди. У бу турнирда плей-оффда икки ўйинда 120 дақиқадан ҳаракат қилди, нимчорак финалда Испанияга қарши, чорак финалда Хорватияга қарши ўйинларда пенальтилар сериясида қатнашиб, ўз имкониятини голга айлантирди.

Россия терма чорак финалда Хорватияга пенальтилар сериясида 3:4 ҳисобида ютқазди. Асосий ва қўшимча бўлимлар 2:2 ҳисобида якунланди.

Чемпионат 15 июлга қадар давом этади. Финал «Лужники» стадионида ўтказилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид