Жамият | 10:20 / 10.07.2018
38745
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги офтоб урмаслик учун нима қилиш кераклигини айтди

Фото: Depositphotos

Шу кунларда дунёнинг қатор давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ҳаво ҳарорати 40 даражадан юқори бўлмоқда. Хўш, ёзнинг бундай жазирама об-ҳаво кунларида офтоб урмаслиги учун нима қилиш керак? Қандай кийиниш  ва овқатланиш лозим? Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати ушбу саволлар билан Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, бош давлат санитария врачи Сайдмурод Сайдалиевга мурожаат қилди.

— Маълумотларга қараганда, шу йилнинг 7-10 июль кунлари юртимизнинг айрим ҳудудларида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб, кечаси +24... +29 даража, кундузи эса +38... +43 даража иссиқ бўлиши кутилмоқда. Ҳатто Бухоро, Навоий, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳаво ҳарорати +45 даражагача кўтарилиши мумкин. Юртимиз аҳолиси бундай аномал иссиқ иқлим кунларида зарурат сезганда республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 173 та туман ва шаҳар бўлимларида туну кун тез, сифатли тиббий ёрдам олишлари мумкин. Мазкур даволаш муассасалари зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган. Бундан ташқари, ушбу ҳолат юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати ташкил этилган. Қолаверса, ҳар бир туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмаларида “Ишонч телефон”лари фаолият кўрсатмоқда.

Шуни ҳам айтиш керакки, кузатилаётган бундай  жазирама кунларда, биринчи навбатда, бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ  вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин. Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракни тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилаши мумкин.

Бундай ҳолатларда қандай ёрдам кўрсатилади?

Офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, уст-бошларини ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб, бутун танасига ўралади, сочиқни  муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади. Тез ёрдам етиб келгунга қадар юқоридаги муолажалар  давом эттирилади.

Олдини олиш учун...

Иложи борича куннинг биринчи ярмида бош кийим кийган ҳолда сайр

қилиш, кунлик овқатланиш рациони эса енгил ҳазм бўладиган таомлар ҳамда мева ва сабзавотлардан иборат бўлиши, кўпроқ суюқлик истеъмол қилиш лозим. Кофе, ширин газланган сувларни истеъмол қилмаслик мақсадга мувофиқ бўлади.

Қандай кийиниш керак?

Ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни  кийиш тавсия этилади. Шунингдек, кийим танлашда матонинг рангига ҳам эътибор бериш лозим. Чунки қора ва жигар ранг матодан тикилган кийимлар ўзига иссиқлик ва қуёш нурини кўп тортади, оқ рангли матодан тикилган кийимлар эса, иссиқ ва қуёш нурини қайтариш хусусиятига эга.

Мавзуга оид