Жаҳон | 10:40 / 15.07.2018
19562
2 дақиқада ўқилади

Германия Трамп ва Путин учрашувидан нималар кутаётганини маълум қилди

Германия ташқи ишлар вазири Хайко Маас Россия президенти Владимир Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп учрашувидан нималар кутаётганини маълум қилди. У бу ҳақда Bild am Sonntag нашрига берган интервьюсида айтди.

Маас Трампни Россия етакчиси билан келишиш хавфли эканлигидан огоҳлантирди. 

«Ҳамкорлар зарарига бўладиган бир томонлама келишувлар охир-оқибат АҚШнинг ўзига зарар етказади», — деди вазир.

У Берлин Россия ва АҚШ ўртасидаги мулоқотга ижобий ёндашишини ва саммит «ядровий қуролсизланишга туртки бериши»га умид қилишини айтди. 

«Биз ҳар доим Россия билан мулоқот зарур эканлигини айтиб келганмиз. Вашингтон ва Москва бир-бири билан суҳбатга киришишгани яхши», — деган ташқи ишлар вазири.

11 июль куни Германия канцлери Ангела Меркель Дональд Трампнинг Берлин тўлалигича Россия назорати остида эканлиги ҳақидаги сўзларига жавоб қайтарганди.  

«Германиянинг бир қисми Совет Иттифоқи томонидан назорат қилинган даврни ўз бошимдан кечирганман. Бугун биз озод ГФРда ҳамжиҳат эканлигимиздан жудаям хурсандман. Шу боис биз мустақил сиёсат олиб борамиз ва мустақил қарор қабул қиламиз деб айта оламиз», — деганди канцлер.

Путин ва Трамп ўртасидаги музокара 16 июль куни Хельсинкида бўлиб ўтади. Музокара учун 3 соат 15 дақиқа ажратилган.

Мавзуга оид